11:58 (16.02.2024)
1054
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-908-сон, 15.02.2024 й.) қабул қилинди.
Қонун билан ЖСТнинг Хизматлар савдоси бўйича бош битими талабларига мувофиқ чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ва маҳаллий корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божининг миқдори бирхиллаштирилган ҳолда БҲМнинг 1 баравари миқдорида белгиланди.
Шунингдек, миллий интеллектуал мулк тизимини ЖСТнинг Интеллектуал мулк ҳуқуқининг савдо билан боғлиқ жиҳатлари тўғрисидаги битими талабларига уйғунлаштириш мақсадида:
♦ ҳукумат томонидан патент эгасининг рухсатисиз ундан фойдаланишга рухсат бериш мумкин бўлган аниқ ҳолатлар ҳамда уларга товон пули тўланишини белгилаб бериш;
♦ ўзга шахсга тегишли саноат мулки объектидан (патентдан) жамоат манфаатлари учун мажбурий лицензия асосида фойдаланиш ҳуқуқини олиш ва бундай фойдаланганлик учун патент эгасига мутаносиб миқдорда товон пулини тўланишига оид алоҳида нормаларни киритиш;
♦ патентланган усулдан фойдаланиш жараёнида юзага келадиган низоларда исботлаш мажбуриятини аниқлаштириш;
♦ инсофсиз рақобат оқибатида рўйхатга олинган товар белгиларини бекор қилиш бўйича даъво муддатини бекор қилиш;
♦ маҳаллий ва хорижий талабнома топширувчиларга интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказишда бир хил имконият яратиш, хусусан, патент божи миқдорларини норезидентлар ва резидентлар учун бирхиллаштириш, шунингдек, мазкур янги ставкаларни жисмоний ва юридик шахслар кесимида белгилаш;
♦ ихтиро ва фойдали моделларни давлат рўйхатидан ўтказишда II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган патент божининг 90 фоизи, таълим олувчи шахсларга, илмий ва илмий-педагогик ходимларга 30 фоизи, юридик шахс бўлган кичик тадбиркорлик субъектларига, давлат аккредитациясидан ўтган таълим ташкилотларига ва илмий ташкилотларга 25 фоизи миқдорида имтиёзлар бериш;
♦ оригинал дори воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, хусусан, дори воситасини яратиш жараёнида ўтказиладиган тадқиқотлар натижасида олинадиган клиник олди ва клиник синовлар натижаларини ҳимоя қилиш;
♦ саноат мулки объектларидан табиий офатлар, ҳалокатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолатларда фойдаланилган ҳолатларда ҳам ҳуқуқ эгасига белгиланган миқдорда товон пули тўланишни кўзда тутувчи қоидалар киритилди.