12:00 (15.01.2025)

287

Ошқозон яраси хуруж қилганда қандай тавсияларга амал қилиш лозим?

Ошқозон яраси бор беморлар, асосан, тўш ости соҳасида оғриқ сезадилар. Оғриқ овқат егандан кейин ярим ва бир соатлар ўтгач бошланади. Ўн икки бармоқ ичак ярасида эса оғриқ асосан наҳорда бўлиб, озгина таом егандан кейин ўтиб кетади.

Касаллик ўз вақтида даволанмаса, сурункали тусга ўтиб, баҳор ва куз ойларида янада зўраяди. Бу даврда бемор иш қобилияти сусайиб, иштаҳаси пасаяди, ҳолсизланади. Агар даво чоралари кўрилмаса, касаллик оғирлашиши ва хавфли асоратлар (яра тешилиши ва қонаши) рўй беради.

Яра тешилганда қориннинг ўрта қисмида кучли оғриқ бўлади. Яра қонаганда бемор баданини муздек тер қоплаб, қон аралаш қайт қилади. Шу билан бирга, қорамтир рангда ич кетиб, камқонлик келиб чиқади. Ҳар икки ҳолатда ҳам шифокорга мурожаат қилишни кечиктирмаслик зарур.

Хасталик хуружининг олдини олиш учун ошқозон шиллиқ пардасига салбий таъсир этувчи аччиқ, шўр ва ёғли таомларни чеклаш лозим. Шунингдек, таркибида эфир мойи бўлган турп, редиска, пиёзни истеъмол қилиш мумкин эмас. Нордон мевалар – олхўри, яшил олма, нордон узумни камроқ еган маъқул.

Тез ҳазм бўладиган (буғда пиширилган, қайнатилган, кучли қовурилмаган) енгил таомларни оз-оздан, кунига 4-5 маҳал танавул қилиш тавсия этилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech