09:00 (24.07.2024)
656
«Аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартибини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди.
Маълум қилинишича, аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид барча чораларни рақамли технологиялар асосида тақдим этишга ўтишнинг асосий йўналишлари этиб бир қатор вазифалар белгиланмоқда.
Хусусан, эндиликда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун «Ижтимоий карта» ахборот тизимини жорий этиш орқали ижтимоий тўловлар ва субсидиялар, ижтимоий хизматлар ва ёрдамларни тайинлаш, тақдим этиш, мониторинг қилиш ва баҳолаш жараёнларини босқичма-босқич тўлиқ автоматлаштириш йўлга қўйилади.
Қайд этилишича, қарорга мувофиқ «Ижтимоий карта» АТдан 2024 йил 1 декабрдан янгидан тайинланадиган ижтимоий тўловлар, хизматлар ва имтиёзлар, 2025 йил 1 апрелдан босқичма-босқич шахснинг ногиронлигини, талаба, ўқувчи, уруш қатнашчиси ёки уруш қатнашчисига тенглаштирилган шахс ҳолатини тасдиқлашда фойдаланилади.
Бундан ташқари, ушбу картадан ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома ва гувоҳномалар, талабалик гувоҳномалари, ўқувчилар гувоҳномалари, уруш қатнашчилари ёки уларга тенглаштирилган шахслар гувоҳномаларининг қоғоз шакли ижтимоий картага алмаштириш орқали бекор қилиниши, ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар учун умумий фойдаланишдаги автомобиль, темир йўл, ҳаво ва дарё транспорти, йўналишсиз такси хизматларидан фойдаланиш бўйича имтиёзлар, шунингдек ушбу хизматдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг бошқа тоифалари учун имтиёзлар бериш ҳам кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, кириш билет операциялари тизими асосида тартибга солинадиган давлат ижтимоий объектларига, концерт-томоша тадбирлари ва бошқа тадбирларга бепул ташриф буюриш ёки қисман ҳақ тўлаш бўйича ҳам ушбу карта эгаларига имтиёзлар тақдим этилади.
Маълум бўлишича, 2025 йил 1 июлдан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилганларга белгиланган товарлар (хизматлар)ни харид қилишда тўланган ҚҚС суммасини 1 иш кунида қайтариш, 2025 йил 1 октябрдан Ҳукумат томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ фуқароларга бюджет маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдам, субсидиялар, грантлар, имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар ҳамда моддий хусусиятга эга бошқа тўловлар тақдим этиш, шунингдек, 2026 йил 1 январдан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлардан фойдаланиш ҳам мумкин бўлади.
Қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 октябрдан пенсия олувчиларга ўз хоҳишига кўра ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлиги бўйича пенсияларни ижтимоий карта орқали олиш ҳуқуқи берилади.