14:42 (26.01.2024)
1030
Сўнгги йилларда дунё аҳолиси ўртасида овқат ҳазм қилиш тизими билан боғлиқ хасталиклар кенг тарқалмоқда. Айниқса, улар орасида панкреатит – ошқозон ости безининг ўткир ёки сурункали яллиғланиши етакчи ўринни эгаллайди.
Хўш, ушбу касалликнинг келиб чиқишига қандай омиллар сабаб бўлади?
Мазкур саволга тиббиёт фанлари доктори Феруза Хамрабаева жавоб берди.
— Ошқозон ости бези овқат ҳазм қилиш тизимининг муҳим органи бўлиб, озуқа моддаларининг сўрилиши учун зарур, — дейди мутахассис. — Ушбу аъзо ўзидан ичакдаги оқсиллар, ёғлар ва мураккаб углеводларни парчалайдиган ферментларни ажратади. Шу билан бирга, унинг яна бир функцияси – организмдаги глюкозани сақлаш ва уни тартибга солиш учун инсулин гормонини ишлаб чиқаради.
Панкреатит – ошқозон ости безининг яллиғланиши бўлиб, ушбу аъзонинг дисфункцияси туфайли овқат ҳазм қилиш ферментлари муддатидан олдин фаоллашганда ва орган тўқималарига зарар етказганда ривожланади.
Касалликнинг ўткир шаклида тўқималарнинг “ўзини ўзи ҳазм қилиш” механизми ишга тушади. Сурункали яллиғланиш оқибатида ҳазм қилувчи ферментлар етишмовчилиги юзага келади. Ферментлар ўрнини ошқозоности бези ҳужайраларининг эгаллаши эса унинг ташқи секретор функциясини бузиш билан бирга, гормонлар ишлаб чиқиш вазифасини ҳам ўзгартириб юборади.
Хасталикнинг келиб чиқишига кўпинча нотўғри овқатланиш сабаб бўлади. Шунингдек, ўт қопи ва ўт йўллари ҳамда ўн икки бармоқли ичак касалликлари, без йўлларининг тошлар ёки ўсмалар билан беркилиб қолиши, генетик мойиллик, гормонал ўзгаришлар, баъзи дориларни қабул қилиш, спиртли ичимликлар, стресс ва инфекцион касалликларнинг бир қанча турлари ҳам асосий омиллардан.
Панкреатитга чалинган инсонда кўнгил айниши, қайт қилиш, ўнг қовурға ва қориннинг пастки қисмида оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши, диарея ва тери сарғайиши кузатилади. Қорин девори ва кўричакни эслатувчи қориннинг ўнг томонида ўткир оғриқ, вазн йўқотиш, елка кураги ёки кўкрак орқасига тарқаладиган оғриқ, қорин дам бўлиши, умумий заифлик, бош айланиши ҳам касаллик белгиларидир. Касаллик ўз вақтида даволанмаса, қандли диабетга сабаб бўлиши мумкин.
Хасталикни даволаш шифокор томонидан унинг даражасига, ҳамроҳ касалликлар борлигига ва беморнинг умумий аҳволига қараб белгиланади. Агар панкреатит белгилари 2-4 кун давомида безовта қилса, албатта, гастроентеролог-шифокорга мурожаат қилиш лозим.