11:10 (16.01.2023)
2614
"Мен совуқдан қийналаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг кайфиятини, ҳиссиётини чуқур ташвиш ва изтироб билан юрагимдан ўтказаяпман", - деди давлатимиз раҳбари.
Юзага келган вазият соҳалар ҳамда ҳудуд раҳбарларининг бугунги кунгача қандай ишлаганини яққол кўрсатиб қўйгани таъкидланди. Айниқса, Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарлари бугунги ҳолатга умуман тайёр эмаслиги кескин танқид қилинди.
Пойтахтнинг Бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани натижасида рухсатсиз қурилган объектлар сони 250 дан ошиб кетгани, қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, бозорларда озиқ-овқат музлаб қолмаслиги учун, нарх-наво ошиб кетмаслиги учун чора кўрилмаётгани учун пойтахт мутасаддиларига қатъий эътироз билдирилди.
Шу боис, вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилди.
Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари ҳокимлари ҳам лавозимидан озод этилиб, ҳоким вазифасини бажарувчиси лавозимига туширилди. ДХХ ва Бош прокуратурага уларнинг фаолиятини ўрганиш топширилди.
"Иссиқлик электр станциялари" акциядорлик жамияти раиси Ф.Абдурахмонов лавозимидан озод этилди.
Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Рахмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи, Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашев шаҳар прокурори этиб тайинланди.
Президент вазиятни ўнглаш бўйича мутасаддиларга қатор топшириқлар берди.
Бош вазир А.Арипов ва энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудовга бор имкониятларни ишга солиб, мавжуд ресурсларни адолатли тақсимлаб, муаммоли маҳаллаларда одамларга зудлик билан ёрдам кўрсатадиган тизим яратиш топширилди.
Келгусида бундай вазиятга йўл қўймаслик учун ҳозирдан аниқ чораларни белгилаш, яъни қаерда газ бўлмаса, суюлтирилган газ ёки кўмир етказишни бугунданоқ ҳал қилиш вазифаси қўйилди.
Икки ой муддатда хориждан малакали мутахассисларни олиб келиб, бошқарув ва ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш бўйича амалий ишларни бошлаш вазифаси қўйилди.
Энергия таъминотида қаерда узилиш бўлган бўлса, унинг сабабларини кўрсатиб, оқибатлари қанча муддатда бартараф этилишини одамларга тушунарли тарзда етказиш зарурлиги қайд этилди.
Бугунги совуқ кунларда қарздорлик деб, хонадонларни электр ва газдан узилишига йўл қўйилмаслиги таъкидланди.