12:00 (21.10.2025)
415
Дунёда миллатни миллат сифатида ушлаб турган омиллар бор. Шулардан бири миллий қадриятларимиз, ота-боболаримиз қарашларини, миллатнинг маънавий қиёфасини белгилаб берадиган она тилимиздир. Шу маънода, ҳар йили 21 октябр — Ўзбек тили байрами муносабати билан юртимиз бўйлаб турли тадбирлар ташкил этилади. Ана шундай маънавий-маърифий тадбирлардан бири “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида “Дори-Дармон” акциядорлик компаниясида ҳам юқори руҳда ташкил этилди.
Тадбирни компания Бошқаруви раиси в.в.б. А. Камилов кириш сўзи билан очиб, 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан барчани муборакбод этди ҳамда юртимизда ўзбек тилига берилаётган эътибор ва амалга оширилаётган муҳим ислоҳотларга тўхталиб ўтди.
Жумладан, муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан тараққиётимизнинг янги босқичида она тилимизнинг ривожига хизмат қилувчи улкан қадамлар ташланганлиги, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеини тубдан оширишга қаратилган аниқ ва манзилли чора-тадбирлар кўрилганлиги, она тилимизнинг жамиятнинг барча соҳаларида фаол қўлланилишига эришиш, ёш авлодни тилимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Куни кеча “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори қабул қилинганлиги ва 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2025-2026 йилларда амалга ошириш дастури тасдиқланганлиги ва унда белгиланган чора-тадбирлар ўзбек тилини юртимиз ва жаҳондаги мавқиени янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни тилга меҳрини янада оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек тили қоидаларига амал қилиш, компания иш фаолиятида расмий давлат тилида иш олиб борилиши ходимларнинг тилга бўлган эътибор ва ҳурматининг бир наъмунаси эканлигини эътироф этиш билан бирга, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида тез-тез учрайдиган русча атамаларнинг ўзбекча муқобиллари ҳамда уларни амалиётда тўғри қўллаш бўйича тавсиялар беришди.