10:44 (21.07.2025)
312
Бохумдаги Рур университети олимлари саратон ҳужайраларини ўзига хос тарзда ҳалок қиладиган ва иммунитет тизимини "ёрдамга чақирадиган" янги дори мажмуасини яратишди.
Journal of Medicinal Chemistry журналида эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, бундай ўлим жараёнида ҳужайралар танага хавф ҳақида хабар берувчи моддаларни ажратиб чиқаради.
Янги дори таркибида галлий бирикмаси мавжуд. У саратон ҳужайрасида кучли стресс ҳолатини келтириб чиқаради, натижада ҳужайра парчалана бошлайди. Бу жараёнда иммунитет тизими учун кўрсатма вазифасини бажарувчи махсус оқсиллар ташқарига чиқади: айнан шундай ҳужайраларни топиш ва йўқ қилиш лозим.
Шу туфайли иммунитет тизими нафақат асосий ўсмани, балки тананинг бошқа қисмларидаги метастазларини ҳам аниқлаш ва йўқ қилишни ўрганади. Ушбу самара аллақачон лаборатория шароитида бачадон бўйни саратони ҳужайраларида муваффақиятли синовдан ўтказилган.
Ҳозирда олимлар дори-дармоннинг фақат ўсмали ҳужайраларда тўпланиши ва соғлом тўқималарга зарар етказмаслигини таъминлаш устида ишламоқда. Бу мақсадда моддани ёруғлик ёки ультратовуш ёрдамида фаоллаштириш усуллари ишлаб чиқилмоқда.