14:50 (12.05.2025)

82

Диабетни эрта аниқловчи игнасиз қурилма яратилди

Япониялик олимлар қандли диабетни оғриқсиз ва игнасиз аниқлайдиган янги усулни яратишди.

Бу усул инсон организмидаги шакар миқдорининг кундалик ўзгаришларини махсус қурилма орқали кузатади ва касаллик хавфи ҳақида эрта огоҳлантиради. Бу ҳақидаги тадқиқот натижаси «Communacation Medicine» журналида мақола чоп этилди.

Токио университети тадқиқотчилари томонидан ишлаб чиқилган бу технология махсус «узлуксиз глюкоза назорати» (CGM) қурилмасидан фойдаланади. Бу қурилма организмдаги шакар миқдорини кун бўйи кузатиб боради. Одатда диабет тестлари учун қон олиш керак бўлади, аммо бу усулда бундай оғриқли амалиёт талаб этилмайди.

Тадқиқотда қатнашган соғлом одамларда махсус алгоритм ёрдамида шакар миқдорининг тебраниши таҳлил қилинди. Бу натижалар асосида олимлар касаллик бошланишидан анча олдин шакар бошқарувида муаммо борлигини аниқлай олишди. Яъни, оддий тестларда соғлом деб топилган одамлар аслида диабет хавфига эга экани маълум бўлди.

Янги усул ҳатто юрак хасталиги каби диабет асоратларини ҳам олдиндан башорат қилишда фойдали бўлиши мумкин. Шунингдек, олимлар бу таҳлилни мустақил равишда бажариш учун веб-илова ҳам яратишди. Эндиликда ҳар ким ушбу қурилма ва дастур орқали шакар миқдорини текшириши, хавфни эрта билиб, чора кўриши мумкин бўлади.

Мутахассислар фикрича, бу технология диабетни эрта аниқлаш ва унинг оғир асоратларининг олдини олишда катта имкониятлар яратади. Энг асосийси — бу усул игнасиз, қулай ва ҳаммага тушунарли.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech