11:53 (16.04.2024)
1223
Флорида Атлантика университетининг Шмидт тиббиёт коллежи олимлари альфа-санталол (сандал ёғининг таркибий қисми) сичқонларда простата саратони ривожланишини бостириши мумкинлигини аниқладилар. Тадқиқот натижалари «Phytomedicine Plus» журналида чоп этилди.
Сандал дарахти (santalum album tree) ўзагидан олинган ёғдан атир, совун, исириқ ва шамлар тайёрланади. Сандал ёғи, шунингдек, маҳсулотга антибактериал ва антитумор хусусиятларни таъминлайдиган фитокимёвий компонентлар туфайли доривор мақсадларда қўлланилади. Сандал ёғи 90 фоиз иккита бирикма — альфа ва бета санталолдан иборат.
Янги тадқиқотда Америка Қўшма Штатлари олимлари сандал ёғининг саратонга қарши хусусиятларини баҳоладилар. Тажриба учун простата саратони билан касалланган трансген сичқонлар танлаб олинди. Ҳайвонлар даволаш режасига мувофиқ икки гуруҳга бўлинган. Биринчи гуруҳдаги кемирувчиларга сандал ёғининг таркибий қисмларидан бири альфа-сантанол берилди, бошқа сичқонларга эса плацебо олиш учун назорат гуруҳи тайинланди.
Натижалар шуни кўрсатдики, альфа-санталол билан даволаш ҳужайра пролиферациясини камайтириш ва апоптозни қўзғатиш орқали простата саратони ўсмаларининг ўсишини секинлаштирди. Экспериментал терапия охирида альфа-санталол билан даволанган сичқонларда ўсимта тўқималари эгаллаган майдон плацебо гуруҳидаги кемирувчиларга нисбатан сезиларли даражада камайди. Олимлар, шунингдек, альфа-санталол сичқонларда вазн йўқотиш ёки бошқа ножўя таъсирларга олиб келмаслигини таъкидладилар.
Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, уларнинг иши одамларда простата саратони учун янги даволаш усулларини ишлаб чиқишда биринчи қадам бўлиши мумкин. Альфа-санталолнинг саратон ҳужайраларини қандай танлаб йўқ қилишини аниқлаш учун кўпроқ тадқиқотлар талаб этилади.