17:40 (10.05.2024)
1085
Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ишлаб чиқариш шунингдек дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида сотганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ишлаб чиқариш шунингдек дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида сотганлик учун — мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроллари ва ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. ( Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс)
Шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса (Жиноят кодексига кўра) — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) кўп миқдорда;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
г) мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса;
д) баданга ўртача оғир ёхуд оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса;
е) дори воситалари ёки тиббий буюмларнинг сифати ва давлат рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан содир этилган бўлса, —беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) жуда кўп миқдорда;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса;
в) одам ўлишига сабаб бўлса, — саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) одамлар ўлимига сабаб бўлса;
б) бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, — ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.