12:28 (29.07.2024)
847
Сўнгги 20 йил ичида 65 ёшдан ошган одамларнинг ҳаддан ташқари иссиқ туфайли ҳалок бўлиши 85% га ошди. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилди.
"Жазирама иссиқ ҳамма жойда, лекин у ҳаммага бир хил таъсир қилмайди. Ҳароратнинг кескин кўтарилишида шаҳар камбағаллари, ҳомиладор аёллар, ногиронлар, кексалар, болалар, беморлар ҳамда кондиционердан фойдаланишга имконияти йўқ одамлар энг катта хавф остида бўладилар. Мисол учун, 65 ёшдан ошган одамлар ўртасида иссиқдан ўлим кўрсаткичи 20 йил ичида тахминан 85 фоизга ошди," - деди у БМТ штаб-квартирасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) маълумотларига кўра, бугунги кунда барча болаларнинг деярли 25 фоизи тез-тез иссиқ тўлқинлари таъсирига учрамоқда. 2050 йилга бориб бу кўрсаткич 100 фоизга етиши мумкин.
Бундан ташқари, жаҳон ташкилоти раҳбарининг таъкидлашича, асрнинг ўрталарига келиб, ҳаддан ташқари иссиқ шароитда яшаётган кам таъминланганлар сони "700 фоизга ошиши мумкин." "Экстремал жазирама тенгсизликни кучайтиради, озиқ-овқат танқислигини келтириб чиқаради ва одамларни янада қашшоқлаштиради," - дея қўшимча қилди у.