14:45 (16.10.2024)
527
Бундай даволаш усули 10 йил давомида 500 нафар аёлда синаб кўрилди ва ижобий натижа берди.
Лондон университети коллежи олимлари бачадон бўйни саратонини даволашнинг янги усулини уч босқичли клиник синовлардан ўтказди. Натижалардан маълум бўлишича, беш йил давомида ушбу касалликдан ўлим хавфи 40 фоизга, саратоннинг қайталаниши хавфи эса 35 фоизга камайган.
Бачадон бўйни саратонини даволашнинг янги схемаси ушбу касалликка қарши курашда сўнгги 25 йилдаги энг катта ютуқдир, дейилади хабарда.
Даволашнинг моҳияти нимада?
Янги муолажа режаси 10 йил мобайнида Буюк Британия, Мексика, Ҳиндистон, Италия ва Бразилиядан келган беморларда синаб кўрилди. Бу режа беморларда бачадон бўйни саратонининг стандарт даволаш усули бўлган кимё-нур терапиясидан олдин қисқа муддатли кимётерапия курсини ўтказишни назарда тутади (кимё-нур терапияси кимётерапия ва радиотерапия комбинациясидан иборат).
“Кимёвий нур терапияси жорий этилган 1999 йилдан бери омон қолиш кўрсаткичларининг энг юқори даражадаги ўсишини кузатдик”, — деб таъкидлади тадқиқотнинг етакчи муаллифи Мэри МакКормак.
Унинг айтишича, онкологик беморларда омон қолиш кўрсаткичларини ҳар қандай даражада яхшилаш муҳим, айниқса, муолажа яхши қабул қилинса ва нисбатан қисқа муддатда ўтказилса. Бу аёлларга тезроқ одатий ҳаётга қайтиш имконини беради.
Тадқиқот
Тадқиқотда 500 нафар аёл иштирок этди. Улар янги даволаш усулини ёки анъанавий кимё-нур терапиясини қабул қилиш учун гуруҳларга бўлинди. Беморларнинг ҳеч бирида ўсма бошқа аъзоларга тарқалмагани аниқланди.
Илмий тажриба давомида битта гуруҳга карбоплатин ва паклитаксел билан олти ҳафталик кимётерапиядан иборат янги режим берилди. Кейин стандарт радиотерапия ва ҳафталик сисплатин ҳамда кимёвий нур терапияси ўтказилди. Иккинчи гуруҳ эса фақат одатий кимёвий нур терапиясини олди.
Натижалар
Беш йилдан сўнг, дастлаб қисқа муддатли кимётерапия курсини олганларнинг 80 фоизи тирик экани аниқланди, 72 фоизида эса саратон қайтмаган ёки бошқа аъзоларга тарқалмаган. Стандарт даволаш гуруҳида эса 72 фоиз бемор тирик қолган, 64 фоизида саратон қайтмаган ва тарқалмаган.
Мутахассисларнинг айтишича, бу арзон ва беморлар учун тасдиқланган дори воситаларидан фойдаланиб, ижобий ўзгаришларни амалга оширишнинг оддий усулидир.
“Бундай усул аллақачон баъзи онкологик марказлар томонидан қабул қилинди. Уни ушбу турдаги саратонни даволаш учун кимё-нурланиш терапиясини олаётган барча беморларга тавсия этилмасликка бирорта сабаб йўқ”, — деб таъкидлайдилар тадқиқотчилар.