13:25 (05.02.2024)
713
Давлатимиз раҳбари ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор йўналишларни белгилаб берди.
Бирламчи тиббиёт тизимини аҳолимиз талабига мослаштириш ишларини давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Тиббиёт бригадаларини шифокорлар билан тўлиқ тўлдириш, тўлиқ ставкада ишлайдиган ҳамшираларни кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Соҳада кадрлар етишмаслигининг сабаби аслида тизим шаффоф бўлмагани оқибатида кўплаб мутахассислар ишга кира олмаётгани экани қайд этилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига соҳадаги барча вакансияларни онлайн платформага жойлаштириб, кадрларни ишга олиш бўйича шаффоф тизим яратиш топширилди.
Янги ўқув йилидан тиббиёт олийгоҳлари битирувчи курс талабалари учун кўп тармоқли шифохоналарда иш ҳақи тўланадиган интернатура йўлга қўйилади.
Йиғилишда касалликларни эрта аниқлаш, жумладан, кардиология, эндокринология ва онкология скринингларини ташкил этишда йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Ўтган йили онкология касаллиги билан рўйхатга олинган берморларнинг қарийб ярмида касаллик кеч аниқланган. Жойларда диспансер назоратида турган, сурункали касаллиги бор аҳолини соғломлаштириш ишлари етарли эмас.
Умуман, вилоят ва туман тиббиёт идоралари профилактика ўрнига “одамлар қачон касал бўлса, шунда даволаймиз” деб, ҳалиям эскича фикрлаб юргани танқид қилинди.
Эндиликда хавф гуруҳига кирувчи аҳолини юрак қон-томир, онкология ва эндокрин касалликлари скринингидан ўтказиш тизими ўзгартирилади.
Хусусан, скрининг учун бевосита республика кардиология, эндокринология, онкология марказлари жавоб беради. Улар бир ҳафтада жойларда скренинг текширувларини ўтказишни бошлайди. Шунингдек, онкология бўйича ҳар бир эрта аниқланган ҳолат учун тиббиёт бригадаларига мукофот бериш жорий қилинади.
Бу тажриба 1 майдан Қашқадарёда бошланади ва келгуси йилдан бошқа ҳудудларда йўлга қўйилади.