17:57 (14.12.2024)
873
Саутгемптон (Буюк Британия) олимлари соғлиқ муаммоларини диагностика қилишга мўлжалланган ақлли пластир ишлаб чиқишди. Тадқиқот Sensors журналида чоп этилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, беморнинг нафас олиши ҳақидаги маълумотлар ёрдамида турли касалликларни, масалан, сепсис ва коронавируснинг олдини олиш мумкин. Бироқ, ҳозирги мавжуд бўлган тақиладиган сенсорлар қўпол ва ноқулай. Олимлар тери билан бевосита алоқа қилмасдан ҳам нафас олиш частотасини аниқ кузатиб борадиган ақлли пластир ихтиро қилишди.
Қурилма бир нечта функционал қатламларга эга бўлиб, улар ёрдамида нафас олиш частотасидаги билинар-билинмас ўзгаришларни ҳам аниқ қайд этиши мумкин. Тажриба доирасида пластир бир дақиқада икки марта нафас олиш аниқлигида ишлади. Шунингдек, қурилмани симсиз алоқага улаш ва бемордан маълумотларни тўғридан-тўғри шифокорнинг компютерига узатиш мумкин.
Мутахассислар ақлли пластирни арзон ва оммавий ишлаб чиқаришга мос деб аташди. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, дунёда 435 миллиондан ортиқ одам нафас олиш ва унга ёндош касалликлардан азият чекади, шунинг учун арзон ва самарали тиббий асбоб ишлаб чиқариш ўзини оқлайди. Aқлли пластир клиник синовлар доирасида қўшимча равишда текширилади.