12:36 (17.02.2023)

2233

ССВ: Жаҳон банки томонидан тиббиёт йўналишида амалга оширилаётган лойиҳалар ижроси муҳокама қилинди

Cоғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Сабиров Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли, ушбу молия муассасасининг соғлиқни сақлаш масалалари бўйича катта мутахассиси Элвира Анадолу ва бошқа масъуллар билан учрашув ўтказди.

Унда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз борди.

Қайд этилганидек, бугун Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ўзаро алоқалар турли соҳаларда жадал ривожланиб бормоқда. Хусусан, тиббиёт тизими бўйича йўлга қўйилган қатор лойиҳа ва дастурлар соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, электрон соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, шифокор ва ҳамширалар малакасини ошириш каби муҳим йўналишларни қамраб олади.

Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 2 июлдаги тегишли қарорига кўра, мамлакатимизда мазкур халқаро молия муассасаси иштирокида “Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши шошилинч чоралар кўриш” лойиҳаси кенг кўламда амалга оширилмоқда. Дастур доирасида юртимизда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларининг босқичма-босқич ташкил этилиши карантин даврида ва ундан кейинги ҳолатларда аҳоли саломатлигини тиклашда асосий омиллардан бири бўлди.

Чунончи, ушбу тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан мультиспирал компьютер томографияси, замонавий рентген-диагностика ускунаси, гемодиализ, видеогастроскоп ва видеобронхоскоп каби замонавий аппаратлар олиб келиб, ўрнатилди.

Шунингдек, ушбу банк шошилинч хизматларни ривожлантириш лойиҳаси доирасида тез ва шошилинч тиббий ёрдамни рақамлаштириш, РШТЁИМ ва унинг филиаллари ўртасида телетиббиётни йўлга қўйиш учун илғор тиббий асбоб-ускуналар етказиб бериш жараёнида ҳам фаол иштирок этмоқда.

Қолаверса, мазкур муассаса маблағлари ҳисобидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ)нинг 75 ўринли янги хирургия корпусининг жиҳозланиши бу ерда хориж тажрибаси асосида юқори технологик ноёб операциялар бажариш, малакали мутахассислар тайёрлаш ишларини самарали ташкил этишга хизмат қилаётир.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликда йўлга қўйилган лойиҳалар ижросини таъминлаш, келгусида яна қатор йўналишлар бўйича ҳамкорлик алоқаларини бутунлай янги босқичга кўтариш юзасидан устувор вазифалар белгилаб олинди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech