08:50 (21.05.2024)
1104
Маълумки, Президентимизнинг 2023 йил 20 июндаги "Маъмурий ислоҳотлар доирасида соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази ташкил этилган эди.
Мазкур муассаса зиммасига тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг назарий билимлари, амалий кўникмалари, касбий маҳоратини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш функцияларини бажариш юклатилган.
Бугунга кунда ушбу марказда замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали малакани баҳолашнинг мутлақо янги шаффоф ва адолатли тизими яратилган.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 18 сентябрдаги тегишли қарори билан малака тоифалари бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг Маъмурий регламенти тасдиқланди.
Унга асосан, ҳужжатларнинг Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали фақат электрон шаклда қабул қилиниши ва ҳар бир босқичда кўриб чиқилишини тўғридан-тўғри кузатиб бориш тартиби жорий этилди.
Бунинг натижасида тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малака тоифаси бериш бўйича йиғмажилд орқали ҳужжат топшириш амалиёти бекор қилинди.
Шунингдек, оғзаки ва тест имтиҳонларини ўтказиш учун ҳудудларда махсус жиҳозланган имтиҳон хоналари ажратилиб, онлайн трансляция, аудио ва видео кузатув назорати таъминланди.
Айтиш жоиз, тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси берилганлигини тасдиқловчи қоғоз шаклидаги сертификат бериш амалиётига ҳам барҳам берилиб, ҳисобга олиш серияси, тартиб рақамига эга, QR-коди қўйилган электрон шаклдаги сертификат бериш тартиби жорий этилди.
Онлайн тартибдаги оғзаки имтиҳон учун бериладиган билет саволлари “Random” (инсон омили минималлашган, компьютер технологияси ёрдамида тасодифий савол танлаш) дастури орқали танланиши йўлга қўйилди.
Бунда билетлар 5 та саволдан иборат бўлиб, уларга жавоб бериш учун 15 дақиқа вақт ажратилади ва ҳар бир жавоб 10 баллик тизимда баҳоланади. Имтиҳон якунида дастур умумий балларнинг ўртача қийматини ҳисоблаб, натижани ўша заҳоти эълон қилади.
Шу билан бирга, тест синови ва оғзаки имтиҳон саволлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва марказнинг расмий веб-сайтларида ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида жойлаштирилганган бўлиб, имтиҳонларда айнан ушбу саволлардан фойдаланилиши таъминланган.
Эътиборли жиҳати, талабгорлар оғзаки имтиҳонларни айнан қайси ихтисослаштирилган аттестация комиссиясига топширишини, комиссия аъзолари эса имтиҳон бошлангунга қадар қайси талабгордан имтиҳон олишини билмайди.
Янги тизимнинг асосий афзалликларидан бири шундаки, эндиликда тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ҳужжат топшириш ҳамда аттестациядан ўтиш учун ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб пойтахтга келишига барҳам берилди.
Ҳужжат топшириш ва имтиҳондан ўтиш жараёнида инсон омили аралашувини минималлаштириш орқали коррупция хавфи ва элементлари бартараф этилди.
Натижада малака тоифасини бериш бўйича имтиҳонлардан фақат назарий билими ва амалий кўникмаларини узлуксиз ошириб борган тиббиёт ходимларигина муваффақиятли ўтмоқда.
Умуман олганда, ҳужжат топшириш ва имтиҳон жараёнларини рақамлаштириш натижасида шаффоф тизим яратилганлиги соҳа учун етук ва чуқур билимга эга, халқаро майдонда рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.