14:50 (11.10.2022)
2372
Тиббий ниқоб турлари ва улардан фойдаланиш ҳақида Тошкент тиббиёт академияси ўқув ишлари бўйича проректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шуҳрат Боймуродов батафсил сўзлаб берди:
— Ҳозирги кунда тиббий ниқобларнинг бир неча турлари мавжуд. Улар сирасига: кунлик (муолажа) ниқоблар, махсус хирургик ниқоблар, стерилланган ва стерилланмаган ниқоблар киради.
Кунлик (муолажа) ниқоблар – бир маротабалик тиббий маҳсулот ҳисобланиб, учта қаватдан иборат: ички ва ташқи қавати, ўртасида фильтри бўлади.
Махсус тиббиёт ниқоблари 4 қисм бўлиб, фильтр, ички ва ташқи қисмларидан ташқари суюқлик ўтказмайдиган махсус пласт қисмига ҳам эга. Ниқобнинг ушбу қисми тери қопламасини турли биологик суюқликлардан ҳимоя қилади.
Стерилланмаган ниқоблар кундалик фаолиятда қўлланилади. Стерилланган ниқоблар эса махсус тоза жойларда фойдаланилади (хирургик муолажа жараёнида, лабораторияда ва ҳоказо).
Тиббий ниқоблардан 2 соатдан 6 соатгача фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, вирус организмга нафақат нафас олиш тизими, балки кўз конъюктиваси, очиқ яралар ва ифлосланган қўллар орқали ҳам юқиши мумкин. Шунинг учун ҳам, юз ва кўзларга ювилмаган қўллар билан тегмаслик керак.
Тиббий ниқобларнинг яна бир тури, респираторлар ниқоблар. Оддий тиббий ниқобларга қараганда респираторлар – касаллик ташувчи бемор учун хавфсиз ҳисобланади ва уларнинг бир неча турлари мавжуд. Улар нафас органларини чанг ва токсик, нотоксик аэрозоллар, бактерия ва радиоактив металл заррачаларидан ҳимоялайди ва 8 соатгача вақт мабойнида 80 фоиздан 99 фоизгача вирусдан ҳимоя қилади.