09:00 (17.10.2023)

1934

Тошкентда психотроп моддаларни тайёрлаётган гуруҳ ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, халқаро куръерлик жўнатмалари орқали хориждан кучли таъсир қилувчи моддаларни контрабанда қилиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди, дея хабар бермоқда ДХХ матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, авиажўнатмалар орқали Хитой давлатидан косметика маҳсулотлари тайёрлашда ишлатиладиган восита номи остида юборилган 5 кг “Прегабалин” моддаси тўхтатиб қолинган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу кучли таъсир қилувчи модда 2000 ва 2002 йилларда туғилган 3 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тегишли эканлиги аниқланиб, улар ҳаракатланаётган, 1994 й.т. шахс бошқарувидаги “Кобальт” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада, автомашина салонида бўлган 1500 дона “Прегабалин” ва 90 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрининг М.Улуғбек туманида улар ижарага олган хонадон кўздан кечирилганда, ушбу манзилда яширин лаборатория ташкил этилганлиги ва жиноий гуруҳ аъзолари бўлган – 2003 ва 2005 йилларда туғилган 2 нафар қиз кимёвий моддаларни аралаштирган ҳолда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тайёрлаш ва бўш капсулаларга қадоқлаш билан шуғулланишлари маълум бўлди.

Мазкур хонадондан сотишга тайёрлаб қўйилган 376 дона “Прегабалин” капсуласи, 101 дона флаконда “Тропикамид”, 14 кг 150 гр. кучли таъсир қилувчи моддалари кукуни, 9 та полиэтилен қопда бўш капсула ва флаконлар, 20 литр хлорид кислотаси, электрон торози, кольба, миксер ва шприцлар процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда жиноий гуруҳнинг 6 нафар аъзосига нисбатан Жиноят Кодексининг 246 ва 251-1 моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech