17:32 (27.05.2025)
229
Кембридж университети олимлари хулосасига кўра, тенгдошларига нисбатан эртароқ ухлашга ётадиган ва узоқроқ ухлайдиган ўсмирларнинг ақли ўткирроқ бўлиб, когнитив тестларда яхшироқ натижалар кўрсатади.
Тадқиқот натижалари Cell Reports журналида эълон қилинган.
АҚШда ўсмирларнинг мия ривожланиши ва саломатлигини ўрганишга қаратилган энг йирик узоқ муддатли лойиҳа доирасида мутахассислар 3222 нафар иштирокчининг маълумотларини таҳлил қилишди. Ёш иштирокчилар миянинг МРТ текширувидан ўтишди, когнитив тестларни бажаришди ҳамда Fitbit фитнес трекерлари ёрдамида уйқу тартибларини қайд этишди
Эрта ухлашга ётиш, кечаси узоқ муддат дам олиш ва уйқу пайтида юрак уришининг бир маромда бўлиши ўқиш, сўз бойлиги, мантиқий фикрлаш ва бошқа ақлий кўникмалар бўйича ўтказилган синовларда энг яхши натижалар билан боғлиқ эканлиги аниқланди. Олимлар уйқу ва когнитив функциялар ўртасида боғлиқлик мавжудлигини тахмин қилишган бўлса-да, таъсир даражаси кутилмаганда юқори бўлиб чиқди.
"Бизнинг фикримизча, айнан уйқу когнитив қобилиятларни яхшилашга ҳисса қўшади - хусусан, уйқу пайтида содир бўладиган хотирани мустаҳкамлаш жараёни орқали," - дея изоҳ берди тадқиқот муаллифи, клиник нейропсихология профессори Барбара Саакян.
Шунга қарамай, тадқиқотчилар ҳатто энг яхши уйқу одатларига эга ўсмирлар ҳам тавсия этилган меъёрлардан камроқ ухлашини таъкидлашмоқда. Америка уйқу тиббиёти академияси маълумотларига кўра, 13 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар кунига саккиз соатдан ўн соатгача ухлашлари лозим.