18:00 (11.11.2025)

352

Рақобат қўмитаси биологик фаол қўшимчаларни «дори» сифатида тақдим этаётган рекламаларга ишонмасликка чақирди.

Рақобат қўмитаси ўз ваколатлари доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда “Реклама тўғрисида”ги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар бўйича мунтазам назорат харидларини амалга ошириб бормоқда.

Бу ҳақида қўмитанинг расмий Telegram-каналида хабар берилди. Унда айтилишича, назорат натижаларига кўра:

- 2023 йилда ўтказилган 397 та назорат харидидан 24 таси сифатсиз деб топилган;

- 2024 йилда 560 та хариддан 95 таси сифатсизлиги аниқланган;

- 2025 йилда 618 та хариддан 123 таси талабга жавоб бермаган.

Шунингдек, ҳозирга қадар Қўмитага озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар бўйича 2 345 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Шулардан 337 таси (14 фоизи) биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчаларига тааллуқлидир.

Мурожаатларнинг аксарияти фуқароларнинг телеканаллар, радио ва ижтимоий тармоқлардаги рекламаларга ишониб, биологик фаол қўшимчаларни харид қилгани, бироқ уларнинг кутилган натижани бермагани ёки соғлиғига салбий таъсир кўрсатгани билан боғлиқдир.

«Биологик фаол қўшимчалар дори воситаси ҳисобланмайди ва касалликларни даволаш учун мўлжалланмаган. Улар фақат организм фаолиятини қўллаб-қувватлаш ёки айрим касалликларнинг олдини олиш (профилактика) мақсадида қўлланилиши мумкин. Шунинг учун, ҳар қандай қўшимчани истеъмол қилишдан аввал шифокор билан маслаҳатлашиш шарт», — дейилади қўмита хабарида.

Рақобат қўмитаси истеъмолчилардан биологик фаол қўшимчаларни «дори» сифатида тақдим этаётган рекламаларга ишонмасликни сўраган.

Шунингдек, «барча касалликларни 1 ойда даволайди» каби ҳақиқатга тўғри келмайдиган ваъдалар — алдов рекламалари экани ҳам қўшимча қилинган.

Фақатгина Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтган, расмий сертификати мавжуд маҳсулотлардан фойдаланиш тавсия этилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech