14:50 (15.03.2024)
1548
Жиззах вилоятида бунёд этилаётган "Avantika Shifokor" Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма корхонасида 100 дан ортиқ турдаги дори-дармон воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
"Shifokor-82" (Ўзбекистон) ва "Avantika Medex Pvt. Ltd." (Ҳиндистон) компаниялари ҳамкорлигида Зомин туманида 11,5 гектар майдонда тайёр фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхона бунёд этилмоқда.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 30 миллион АҚШ доллари миқдордаги маблағ, жумладан, 15 миллион доллар хорижий сармоя йўналтирилмоқда. Бу ерда таблетка, капсула, инъекция, гель ва бошқа шакллардаги дори воситалари ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.
"Shifokor-82" ва "Avantika Medex Pvt. Ltd." компаниялари узоқ йиллардан бери ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Ўзбекистонда сўнгги йилларда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити ва халқаро ҳамкорлик самарадорлиги ушбу компанияларни шу пайтгача Ҳиндистондан импорт қилинаётган дори воситаларини мамлакатимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга ундади.
Янги қўшма корхонада тайёрланадиган маҳсулотларнинг 70 фоизини ташқи бозорга ва 30 фоизини ички бозорга йўналтириш кўзда тутилган.