11:50 (13.01.2025)
701
Хитой соғлиқни сақлаш идоралари маймун чечаги вирусининг тарқалиши давом этаётган бир пайтда clade Ib штаммининг янги мутацияси аниқланганини эълон қилди.
Ўтган йили Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) касаллик тарқалишини халқаро аҳамиятга эга бўлган фавқулодда ҳолат деб эълон қилган эди.
Хитой касалликлар назорати ва профилактикаси маркази маълумотларига кўра, маймун чечагининг кластерли эпидемияси clade Ib штаммининг кичик тури туфайли келиб чиққан. Касалликнинг биринчи ҳолати илгари Конгода яшаган чет эл фуқаросида аниқланган.
Яна тўртта ҳолат унинг яқин одамлари орасида тасдиқланган. Ушбу касаллик беморларда осон кечади ва тери тошмаси ва шиш каби аломатлар билан намоён бўлади.
Ўтган йилнинг август ойида, Конгодаги эпидемия қўшни давлатларга тарқалгандан сўнг, ЖССТ икки йил ичида иккинчи марта маймун чечаги эпидемиясини халқаро аҳамиятга эга бўлган соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда ҳолат деб эълон қилди.
Хитойнинг Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси маймун чечаги эпидемияси В тоифали юқумли касалликлар қаторига киритилишини маълум қилди. Бу шуни англатадики, расмий хизматлар зарур шошилинч чораларни кўришлари мумкин бўлади - оммавий тўпланишларни чеклаш, ташкилотлар ва таълим муассасалари фаолиятини тўхтатиш, шунингдек, касаллик тарқалганда ҳудудлар чегараларини ёпиш.