11:00 (06.02.2024)

1300

ДХХ: Наманганда қалбаки дори воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган тиббиёт ходими ушланди

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Зодак”, “Анаферон”, “Хилак Форте” ва “Витамин В6” номли қалбаки дори воситаларини тайёрлаш ҳамда сотиш билан шуғулланган тиббиёт ходимининг фаолиятига чек қўйилди.

Хусусан, Чортоқ туман Тиббиёт бирлашмасининг тез ёрдам бўлими фельдшери 1000 дона қалбаки “Зодак” дори воситасини Андижон вилоятига сотиш мақсадида олиб кетмоқчи бўлган вақтида қўлга олинди. Шунингдек, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда дори воситалари ишлаб чиқариш учун мўлжалланган яширин цех борлиги аниқланиб, 763 дона “Анаферон”, 2125 дона “Зодак”, 4000 дона “Витамин В6” дори воситалари, 570 дона номсиз флаконларда сироплар, дори воситаларини қадоқлашда фойдаланиладиган флаконлар, қутилар, йўриқнома ва ёрлиқлар процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур шахс тайёрланган дори воситаларини сақлаш учун қариндошининг яшаш хонадонидан омбор сифатида фойдаланган ва тезкор тадбир давомида ушбу манзилдан ҳам сотиш учун тайёрлаб қўйилган 120 дона “Зодак”, 260 дона “Анаферон”, 96 дона “Хилак Форте” ҳамда 313 дона номсиз флаконларда сироп ҳолдаги дори воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Терговга қадар текширув давомида, Чортоқ туман тез ёрдам бўлими фельдшери 2023 йилнинг сентябрь ойидан буён ушбу ноқонуний иш билан шуғулланиб келганлиги ва уни ҳозирда шахсига аниқлик киритилаётган Андижон вилоятида яшовчи фуқаролар Қирғиз Республикасидан ноқонуний йўллар билан олиб келинган дори воситалари хом-ашёлари билан таъминлаб турганликлари маълум бўлди. Яширин цех шароитида тайёрланган дори воситалари асосан Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарда сотувга чиқарилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 186-3-моддаси 2-қисми “б” ва “е” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, мазкур шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech