08:52 (18.07.2025)
85
Европа Тиббий Марказида (EMC) ракка қарши индивидуал радиофармацевтик препаратлар тайёрланадиган махсус ядровий дорихона очилди.
Бундай дорихона — бу юқори технологияларга асосланган мажмуа бўлиб, унда радиофармацевтик препаратлар ҳар бир бемор учун ўсманинг генетик хусусиятлари, молекуляр белгилари ва клиник прогнозга асосланган ҳолда индивидуал тарзда тайёрланади. Ишлаб чиқариш жараёни GMP стандартлари асосида амалга оширилади ва лютеций-177 ҳамда актиний-225 асосидаги препаратлар тайёрланади.
- Ўзимиз ишлаб чиқараётган радиофармацевтика воситалари ассортиментини кенгайтириш юқори тиббий технологияларни ривожлантириш, халқаро тажрибани мустаҳкамлаш ва тиббий ёрдам сифатини ошириш стратегиямизнинг бир қисмидир. Ядровий дорихона каби кенг кўламли фармацевтик иншоот радионуклид терапиясининг илғор усулларини Россияда кенг жорий этиш ва уни мураккаб клиник ҳолатларни даволашнинг комплекс йўналишига интеграция қилиш имконини беради. Индивидуал ёндашув туфайли биз мақсадли ҳаракатга, минимал тизимли ён таъсирга ва юқори даволаш самарадорлигига эриша олдик,— деди EMC бош директори Андрей Яновский.
Тераностика — бу фармацевтик композицияларни яратишга доир ёндашув бўлиб, у терапевтик ва диагностик муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал қилишни кўзда тутади. Ушбу ёндашув натижасида тайёрланган препаратлар ҳам эрта диагностика воситаси, ҳам даволаш воситаси сифатида хизмат қилади.
Ушбу усул максимал даражада шахсийлаштирилган даволашни таъминлайди: аввало шифокор бир қатор текширувлар орқали бемор организмидаги аниқ «нишон»ларни аниқлайди, шундан сўнг патологик ҳужайраларга мақсадли тарзда таъсир кўрсатилади. Бугунги кунда бундай ёндашув дунёдаги фақатгина етакчи онкология клиникаларининг бир нечтасида мавжуд.
«Тераностика 30% ҳолатда мустаҳкам ремиссияга эришишга ёрдам беради, 60% ҳолатда эса даволашга ижобий жавоб беради. Ҳозирда ушбу усул нейроэндокрин ўсмалар ва простата ракини даволашда қўлланилмоқда. Радиофармацевтик препаратларни ишлаб чиқариш — мураккаб вазифа бўлиб, ҳозирги кунда Россияда буни фақат бир нечта клиникалар, жумладан ЕМС амалга ошира олади», — деди ЕМС онкология институти директори Нидаль Салим.