08:53 (05.03.2025)
363
2025 йил 1 мартда Ўзбекистонда Президентнинг 2025 йил 28 январдаги "Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-13-сон Фармони доирасида амалга оширилаётган биологик фаол қўшимчаларни (БФҚ) ихтиёрий маркировкалаш лойиҳаси бошланди.
Бу контрабанда, қалбакилаштирилган маҳсулотларга қарши курашиш ва истеъмолчиларни ҳимоя қилишга қаратилган мамлакат фармацевтика ва нутрицевтика бозорларини ривожлантиришдаги муҳим қадамдир. Ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва бошқа тадбиркорлик субъектларининг иштироки ихтиёрий бўлиб, ихтиёрий маркировкалаш даврида ушбу тоифадаги товарлар учун маркировка кодларини тақдим этиш ва кузатиб бориш хизмати тўлов ундирилмасдан амалга оширилади.
БФҚларни рақамли маркировкалаш нима учун керак?
Эксперт баҳоларига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинаётган биологик фаол қўшимчаларнинг аксарият қисми контрафкт ҳисобланади. Кўпинча БФҚлар тоифасига ҳеч қандай синовдан ўтмаган, рухсат этилмайдиган дозаларда, сертификатларсиз маҳсулотлар киради, бу эса табиийки истеъмолчилар саломатлиги учун катта хавф туғдиради, шунингдек, давлат учун сезиларли иқтисодий йўқотишларга олиб келади.
Юзага келган вазиятнинг асосий сабабларидан бири божхона тўловларининг юқори даражаси бўлиб, бу расмий равишда олиб кирилган БФҚларни ноқонуний маҳсулотларга нисбатан рақобатбардошлигини пасайтиради. Натижада миллий стандартлар ва техник регламентлар талабларига жавоб бермайдиган контрафакт ва рўйхатдан ўтказилмаган товарлар бозорда устунлик қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-13-сон Фармонига мувофиқ, биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқариш ва уларнинг муомаласи устидан давлат назоратини тартибга солиш ва кенгайтириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар назарда тутилган, чунки ушбу тоифадаги маҳсулотлар кўпинча дори воситаларини қабул қилишнинг тенг муқобили сифатида реклама қилинади ва аҳолига сотилади. Бунда уларни мунтазам қабул қилишнинг самарадорлиги ва хавфсизлиги нуқтайи назаридан мувофиқликни баҳолаш амалга оширилмайди. Ушбу механизм БФҚ айланмасининг шаффофлигини таъминлаш, уларни олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш, шунингдек, контрафакт маҳсулотларнинг тарқалишини минималлаштириш имконини беради.
Рақамли маркировка тизимини жорий этиш қуйидаги мақсадларга қаратилган:
• Маҳсулотнинг келиб чиқиши ва сифатини назорат қилиш орқали истеъмолчиларни сертификатланмаган, қалбакилаштирилган ва потенциал хавфли БФҚлардан ҳимоя қилишни таъминлаш.
• Ўзбекистон Республикаси ҳудудида биологик фаол қўшимчаларни импорт қилиш, сақлаш, айланмага киритиш ва сотиш жараёнларини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг ягона шаффоф тизимини яратиш.
• Ноқонуний бозор улушини камайтириш, бу солиқ тушумларини кўпайтиришга ва бозор иштирокчилари ўртасида ҳалол рақобатни таъминлашга ёрдам беради.
• Расмий ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларга ишончни ошириш, халқаро етказиб берувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва биологик фаол қўшимчаларнинг шаффоф бозорини ривожлантириш.