12:55 (18.03.2024)
1277
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти диарея касаллиги бўйича янги ҳисоботини эълон қилди. Унда қайд этилишича, халқ орасида ичбуруғ деб аталувчи бу дард беш ёшгача бўлган болалар ўртасидаги ўлим ҳолатларининг иккинчи асосий омилидир.
Ушбу хасталик ҳар йили дунё бўйича 525 минг нафар ўғил-қизнинг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлмоқда. Таҳлилларга кўра, диарея аксарият ҳолларда ифлосланган озиқ-овқат ва сув истеъмоли оқибатида юзага келади ва ривожланади.
Бу борадаги вазият, афсуски, ҳамон хавотирли. Чунки Ер юзида қарийб 780 миллион киши тоза ичимлик сувидан, 2,5 миллиард одам эса оддий санитария-гигиена воситаларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум.
Айниқса, кам даромадли мамлакатларда аҳвол ёмон. Бундай минтақаларда уч ёшгача бўлган болалар йилига ўртача уч марта ўткир диарея билан оғриши ҳисоб-китоб қилинган. Негаки, тўйиб овқатланмаган ёки иммунитети заиф кичкинтойлар ўртасида ичбуруғга чалиниш хавфи юқори.
Мутахассислар илгари диарея билан боғлиқ ўлим ҳолатларига асосан организмнинг сувсизланиши ва суюқлик йўқотиши сабаб бўлади, деган фикрда эди. Аммо энди хулосалар ўзгарган.
Боиси, айни пайтда диарея билан боғлиқ ўлим ҳолатлари ортишида септик бактериал инфекцияларнинг улуши юқори. Шу туфайли ичбуруғнинг тарқалиш статистикаси ривожланган давлатларда ҳам бир қадар ошган.
Касаллик чоғида организмга тушган баъзи бактериялардан ажралган токсинлар қонга сўрилиб, бутун танани заҳарлайди. Оқибатда 2 соатдан 2 кунгача бўлган инкубацион даврда диареянинг илк белгилари намоён бўлади.
Ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, ичнинг суюқ ёки қон аралаш кетиши, тана ҳарорати кўтарилиши, қорин оғриши, дам бўлиши каби симптомлар шулар жумласидан.
Агар ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, у ичакларнинг буралиб қолиши, парез, яъни фалажлик, инфекцион-токсик шок, нейротоксикоз каби оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин.
Шундан келиб чиқиб, ЖССТ ўз ҳисоботида тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш, санитария-гигиена талабларига амал қилиш орқали касаллик хавфини камайтириш мумкинлигини эслатиб ўтади.
“Диареяни даволашда оғиз орқали қабул қилинадиган регидратация тузларининг аҳамияти катта. Қолаверса, 10-14 кун давомида 20 мг. цинк таблеткалари билан қўшимча муолажа курси касалликни енгишда катта самара беради” — дейилади ҳисоботда.