18:00 (28.08.2025)
70
Мактабга чиқиш ёшида, яъни етти ёшда ўтказиладиган тиббий кўрик қонда камқонлик (анемия), инфекциялар, буйрак яллиғланиши, ички аъзоларнинг ноодатий тузилиши ҳамда юрак нуқсонларини аниқлаш имконини беради.
Бу ҳақда Европа тиббиёт маркази (EMC)нинг болалар шифокори Инга Лалаян маълум қилди.
Қоннинг умумий таҳлилини 6–7 ёшдан бошлаб мунтазам топшириш тавсия этилади. Ушбу таҳлил орқали камқонлик (анемия), инфекциялар, яллиғланиш жараёнлари, қон тизимига доир хавфли касалликлар, шунингдек, қон ивиш жараёнидаги бузилишлар аниқланиши мумкин.
Пешоб умумий таҳлили 6 ёки 7 ёшда топширилади, профилактика мақсадида буйраклар ва қорин бўшлиғи аъзоларининг УЗИ текшируви эса одатда 3 ёшда, 7 ёшда ва 15 ёшда, шунингдек, тиббий кўрсатмаларга мувофиқ ҳолда ўтказилади. Бундай текширувлар сийдик чиқариш тизими аъзоларининг туғма нуқсонлари, гломерулонефрит, шунингдек, буйрак ва сийдик чиқариш йўлларининг сурункали яллиғланиш жараёнларини аниқлашга ёрдам беради. Қорин бўшлиғи аъзоларининг УЗИ таҳлили орқали ички аъзолар тузилишидаги ноодатий ҳолатлар, шунингдек, эҳтимолий ёмон ва яхши хулқли ўсмалар, гепатит каби касалликларни фош этиш мумкин», – дейди шифокор.
Шифокорнинг сўзларига кўра, мактабга тайёргарлик доирасида 6–7 ёшда ўтказиладиган эхокардиография натижалари асосида туғма ва орттирилган юрак нуқсонлари, клапанлар тузилишидаги миксоматоз ўзгаришлар, шунингдек, дилатацион ва гипертрофик кардиомиопатиялар, жумладан, нокомпакт миокард туридаги кардиомиопатияни ҳам аниқлаш мумкин.
Мактабга бориш олдидан ўтказиладиган электрокардиография (ЭКГ) юракнинг ўтказувчи тизимидаги бузилишлар, юрак ритмидаги узоқ танаффуслар, сезиларли даражадаги эктопик фаоллик, шу жумладан, ҳар доим ҳам клиник кўрикда аниқ намоён бўлмайдиган артериал фибрилляциясини аниқлашга ёрдам беради.
"Рўйхатда келтирилган касалликларнинг барчаси хавфли бўлиб, эрта ташхис қўйишни талаб қилади, шунинг учун ўқув йили бошланишидан олдин тиббий кўрикдан ўтишга эътиборли бўлиш керак"-дея хулоса қилди шифокор.
Бундан ташқари, Лалаяннинг таъкидлашича, болани эндокринолог, ЛОР шифокор, невропатолог, офтальмолог, стоматолог ҳамда болалар урологи ёки акушер-гинеколог кўригидан ҳам ўтказиш тавсия этилади.