17:40 (25.10.2023)
1781
Цинциннати университети тиббиёт маркази олимлари ҳар куни қулупнай истеъмол қилиш когнитив қобилиятларни яхшиланишига, деменция (деменция — бу орттирилган ақлий заифлик) ривожланиш хавфини камайтиришга ёрдам беришини аниқлашди. Тадқиқот натижалари Nutrients журналида чоп этилди.
Тадқиқотда 50 ёшдан 65 ёшгача бўлган, ўртача когнитив нуқсони бўлган беш эркак ва 25 аёл иштирок этди. Олимлар беморларнинг соғлиғи ҳақида керакли маълумотларни тўплашди ва улардан қон намуналарини олишди. Кейин иштирокчилар икки гуруҳга бўлинган.
Биринчи гуруҳ нонушта учун қуритилган кукун шаклида қулупнай, иккинчи гуруҳ эса бир хил таъм ва ҳидга эга бўлган плацебо истеъмол қилишди.
12 ҳафталик тадқиқотдан сўнг иштирокчилар когнитив тестлардан ўтдилар. Қулупнай истеъмол қилган беморлар плацебо гуруҳидагиларга қараганда яхшироқ натижани кўрсатди. Резавор биринчи гуруҳдаги субъектларнинг руҳий саломатлигини ҳам яхшилади. Одамларда депрессия белгиларининг пасайиши қайд этилган.
Олимларнинг таъкидлашича, когнитив қобилиятларнинг яхшиланиши қулупнайнинг полифенолларга бой бўлганлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Июл ойида Сан-Диего штати университети олимлари ҳам қулупнай кекса одамларнинг когнитив фаолиятини яхшилаш ва қон босимини пасайтириш учун фойдали эканлигини аниқлаганди.
Тадқиқот давомида 66 ёшдан 78 ёшгача бўлган 35 соғлом эркак ва аёлнинг маълумотларини кўриб чиқилди. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, қулупнай истеъмол қилган гуруҳда когнитив тезлик 5,2 фоизга ошган, систолик қон босими 3,6 фоизга пасайган ва умумий антиоксидант ҳимояси 10,2 фоизга ошган.