12:00 (18.09.2025)
95
Юртимизда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш, соҳага босқичма-босқич тиббий суғурта тизимини жорий этиш, тиббий хизматлар бозорида замонавий рақобат муҳитини яратиш, шу асосда аҳолининг кафолатланган ва сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлат тиббий суғуртаси механизми доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида гипертония ва юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2-тури, бронхиал астма, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги каби сурункали касалликлар туфайли "Д" назоратида турган беморларга электрон рецепт асосида дорихоналардан бепул бериладиган дори воситалари ва уларнинг харажатларини қоплаш мақсадида Реимбурсация дастури ишга туширилди. Ва бу дастур босқичма –босқич республикамиз бўйлаб жорий этилмоқда.
Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида бошқарма бошлиғи, "Дори-Дармон" АК, “Хоразм Дори-Дармон” МЧЖ ва Давлат тиббий суғурта жамғармаси вакиллари иштирокида Реимбурсация дастурини тўлиқ қамраб олиш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Бугунги кунда “Хоразм Дори-Дармон” МЧЖ га қарашли 52 та дорихона ва дорихона шохобчалари Реимбурсация дастури доирасида иштирок этиб, аҳолига “электрон рецепт” асосида 28 турдаги дори воситалари бепул бериб келинмоқда. Яқин ойларда ДПМ ларда жойлашган ижтимоий дорихоналар сонини ошириш ва уларни реимбурсация дастурига улаш мақсад қилинган. Йиғилишда айни шу масалага кенг эътибор қаратилди, мавжуд муаммолар муҳокама қилинди, келгусида уларни бартараф этиш юзасидан аниқ режалар ишлаб чиқилди.