15:50 (18.12.2023)
1059
“Dori-Darmon” акциядорлик компаниясида вақти –вақти билан компания масъуллари ва дорихона мудирлари учрашуви анъанага айланган.
Навбатдаги учрашув компания Бошқарув Раиси У. Салихбаева иштирокида бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида Бошқарув Раиси ўринбосари А.Камилов томонидан дорихоналарда энг яхши дорихона амалиётини жорий этиш, мазкур амалиётнинг афзалликлари, бу борада олдинда турган вазифалар ҳақида маълумотлар берилди.
«Зарур дорихона амалиёти (Good Pharmacy Practice, GPP)»: фармацевтик хизмат кўрсатиш сифатини таъминлаш мақсадида, фармацевтик маълумотга эга бўлган мутахассислар томонидан дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрлаш, дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш йўналишида фармацевтик фаолиятни ташкил этиш қоидалари саналади.
Яхши дорихона амалиётининг асосий талаблари қуйидагилар ҳисобланади:
- инсон соғлиғини сақлаш мақсадида беморга эътиборни қаратиш; - дори воситалари рационал қўлланилиши ва яхши ишлатилиши бўйича кўмаклашиш;
- касбий этикага ва маҳфийликка риоя қилиш;
- сифатли фармацевтик хизматларни кўрсатиш;
- деонтология, фармакотерапия ва фармакология асосларини эгаллаган малакали фармацевт кадрларнинг мавжудлиги;
Дорихона ўз фаолиятида санитария-эпидемиология қоидалари ва меъёрлари, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидалари, ёнғинга қарши ва бошқа талаблар асосида амалга ошириши лозим.
Мазкур талаблардан келиб чиққан ҳолда, дорихоналардаги шароитлар, камчиликлар, тезликда ҳал этилиши керак бўлган масалалар белгилаб олинди.
Хабарингиз бор, Республикамизда аҳолига кафолатланган пакет доирасида бепул тиббий ёрдам кўрсатиш ва дори воситалари билан таьминлаш, сурункали касалликларни амбулатор шароитда даволашда зарур бўладиган айрим дори воситалари билан беморларни дорихона орқали бепул таъминлаш- реимбурсация дастури ишлаб чиқилган. У тажриба-синов тариқасида ўтган йили Сирдарё вилоятида, жорий йилда эса Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасаларда ҳам жорий қилинди.
"Дори-Дармон" акциядорлик компанияси тизимидаги "Сирдарё Дори-Дармон" масъулияти чекланган жамиятига қарашли 40 та, шунингдек компанияга қарашли Тошкент шаҳридаги 3 та дорихона ва дорихона шохобчалари реимбурсация тизимига уланган.
Йиғилиш давомида Бошқарув Раиси реимбурсация тизимига улунган дорихона мудирлари билан суҳбатлашиб дорихоналардаги иш жараёни, мижозлар мурожаати, фикрлари билан қизиқди.
Сўнгра, аҳоли ўртасда қандай ва қайси ишлаб чиқарувчи ёки қайси давлатларда ишлаб чиқарилган дори воситаларга талаб кўплиги, аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш масалалари юзасидан дорихона мудирларининг фикр – мулоҳазалари ва таклифлари ўрганилди. Шунингдек, дорихоналар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган бошқа масалалар муҳокама қилинди.