15:04 (12.07.2023)
2601
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига Европанинг олти давлати — Буюк Британия, Испания, Италия, Франция, Хорватия ва Швециядан янги туғилган чақалоқларда эховирус-11 (Э-11) билан касалланиш ҳолатлари кўпаяётганига доир хабарлар келиб тушди.
Хусусан, Франция соғлиқни сақлаш вазирлиги шу йил май ойида мазкур инфекция туфайли гўдаклар ўртасида сепсиснинг оғир шакллари ортганини маълум қилган.
Оқибатда бу ерда етти нафар гўдак ҳаётдан кўз юмди, яна икки нафарининг аҳволи оғир. Июнь ойидан бошлаб эса Европанинг бошқа мамлакатларида ҳам инфекцияга чалиниш ҳолатлари қайд этилган.
Таҳлилларга кўра, 2016 йилдан 2021 йилгача дунё бўйича чақалоқлар ўртасида Э-11 ни юқтириш кўрсаткичи бошқа юқумли касалликларга қиёслаганда 6,2 фоизни ташкил этган бўлса-да, ўтган йили бу рақамлар 55 фоизгача кўтарилган.
ЖССТ гарчи бу ҳолатни аҳоли саломатлиги учун глобал хавф, деб баҳоламаган бўлса-да, шифокорларни текширув қамровини оширишга ва эҳтиёткорликка чақирди.
Эховирус — турли юқумли хасталикларни келтириб чиқарувчи, ўзида рибонуклеин кислоталар сақловчи энтеровируслар (ичак вируслари) гуруҳига мансуб. Одатда хасталик енгил шаклда давом этади. Аммо янги туғилган чақалоқларда инфекция ўткир вирусли гепатит, сепсис, менингит ва қон кетишининг бузилиши каби касаллик ва оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин.