17:53 (15.12.2023)
1568
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) электрон сигаретларни сотилиши назоратини кучайтириш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди. ЖССТ сўровлари ва тадқиқотларига кўра, 13-15 ёшли болалар катталарга қараганда электрон сигаретлардан кўпроқ фойдаланадилар.
Бунга ишлаб чиқарувчиларнинг электрон сигареталарни жозибали, ранг-баранг дизайнларда ишлаб чиқишлари ва ижтимоий тармоқлардан реклама платформаси сифатида фойдаланишлари сабаб бўлади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай рекламага юзаки қараш болалар ва ёшларда маҳсулот ҳақида ижобий таассурот қолдириши ва уни синаб кўриш истагини уйғотиши мумкин.
ЖССТ, шунингдек, электрон сигаретлар анъанавий тамаки чекишдан кўра хавфсизроқ, муқобил деган даъвони рад этади. Мутахассисларнинг тушунтиришича, электрон сигареталар ўзига қарамликни келтириб чиқариш билан бирга, саломатлик учун зарарли. Электрон сигарета суюқликларида заҳарли моддалар борлиги аниқланган. Улардан баъзилари саратон ривожланишини қўзғатади, юрак ва ўпка касалликлари хавфини оширади. Электрон сигаретани чекиш мия фаолиятига ҳам таъсир қилиши ва ёшларда эслаб қолиш, илм олишда қийинчиликларга олиб келиши мумкин.
ЖССТ мамлакатларни электрон сигареталарнинг аҳоли, айниқса мактаб ўқувчилари ва талабалари учун жозибадорлигини камайтириш чораларини кўришга чақиради.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, турли хил таъмга эга электрон сигаретларни ишлаб чиқариш ва сотишни тақиқлаш, шунингдек, нейтрал таъмга эга электрон сигаретларда никотиннинг консентрацияси ва сифатини назорат қилиш керак.