17:27 (17.07.2025)

54

ЖССТ ва ЮНИСЕФ: Ўтган йили дунё бўйича 14 миллион нафардан ортиқ болалар эмланмаган

ЖССТ ва ЮНИСЕФ томонидан эълон қилинган қўшма ҳисоботга кўра, 2024 йилда 14,3 миллион нафар ўғил-қиз эмланмаган.

20 миллион нафар чақалоқ эса дифтерия, қоқшол ва кўкйўталга қарши тегишли вакциналарнинг камида битта дозасини олмаган.

Уч дозада тўлиқ эмланганлар сони қарийб 85 фоизни ташкил этди. Бу — тахминан 109 миллион нафар бола, деганидир.

Худди шундай, ўтган йили Европа ва Марказий Осиёда эмлаш қамрови 2023 йилга солиштирганда, 1 фоизга камайган.

Ҳисоботда ушбу муаммонинг келиб чиқиши турли омиллар билан боғлиқлиги айтилади. Сайёрамизнинг айрим нуқталарида соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш чекланганлиги, вакцина таъминотидаги узилишлар, уруш ва можаролар, гуманитар инқирозлар, тиббий саводхонлик даражаси пастлиги шулар жумласидан.

Қайд этилишича, жаҳондаги барча эмланмаган болаларнинг ярмидан кўпи тўққизта давлат, яъни Нигерия, Ҳиндистон, Судан, Конго Демократик Республикаси, Эфиопия, Индонезия, Яман, Афғонистон ва Ангола ҳиссасига тўғри келади.

Ташвишланарлиси, ушбу мамлакатлардаги эмланмаган болалар сони 2019 йилдаги 3,6 миллиондан 2024 йилда 5,4 миллион нафаргача кўпайган.

Шунга қарамай, ўтган йили дунё бўйича қизамиққа қарши эмлаш даражаси ошгани эътиборга молик. Болалардан 84 фоизи вакциналарнинг биринчи дозасини, 76 фоизи иккинчи дозасини қабул қилган ва бу ундан аввалги йилга нисбатан бироз юқори кўрсаткич.

Бироқ, жаҳон бўйича қизамиқ тарқалишининг олдини олиш учун 95 фоизлик натижага эришиш глобал мақсад қилиб белгиланганини ҳисобга олсак, ҳали қувонишга эрта. Ваҳоланки, БМТ таҳлилларида келтирилганидек, вакциналар ёрдамида йилига 3,5 миллиондан 5 миллионгача ўлим ҳолатларининг олдини олса бўлади.

Шундан келиб чиқиб, ЖССТ ва ЮНИСЕФ аъзо мамлакатлар соғлиқни сақлаш тузилмаларига бу масалага жиддий эътибор қаратиш юзасидан тегишли тавсияларини берди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech