17:55 (29.02.2024)
1018
АОКАда ўтказилган брифингда "Дори-дармон" АК бўлим бошлиғи Соҳиб Маҳмудов ўтган йилда аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дори-воситалари билан таъминлаш йўналишидаги ишлар таҳлили юзасидан маълумот берди:
Фармацевтика соғлиқни сақлаш тизимининг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлиб, ушбу соҳанинг ривожланиш даражаси аҳолининг ҳаёт сифати кўрсаткичларига бевосита таъсир қилади. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳам соҳани ривожлантиришга, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, аҳолини зарур дори воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. “Dori-Darmon” акциядорлик компанияси ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳатларда фаол иштирок этиб келмоқда
Хусусан, аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари билан таъминлаш компаниянинг асосий фаолият йўналишларидан бири саналади.
Ижтимоий аҳамиятга эга дорилар бу-ижтимоий аҳамиятга эга ва атрофдагилар учун хавф туғдирадиган касалликларнинг олдини олиш ҳамда даволаш учун талаб юқори бўлган ва аҳоли, тиббиёт ташкилотлари томонидан кўп фойдаланиладиган, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлайдиган Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатига киритилган дори воситалари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилдаги 204-сон қарорига асосан амбулатория даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган 14 тоифадаги шахсларга 2023 йил давомида 468 120 та рецепт орқали 25,0 млрд.сўмлик дори воситаси ва тиббиёт буюмлари бепул берилди.
Юртимизда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш, соҳага босқичма-босқич тиббий суғурта тизимини жорий этиш, тиббий хизматлар бозорида замонавий рақобат муҳитини яратиш, шу асосда аҳолининг кафолатланган ва сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги 4890-сонли ва 2023 йил 1 майдаги 140-сонли қарорлари асосида босқичма-бочқич давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий қилиняпти.
Бугунги кунда компанияга қарашли Сирдарё вилоятидаги 40 та
ва Тошкент шаҳридаги 10 та дорихона ва дорихона шохобчалари реимбурсация дастурига уланди. Шу кунларда Олмазор ва Чилонзор туманларидаги компанияга қарашли дорихона ва дорихона шохобчаларини ҳам реимбурсация дастурига улаш ишлари олиб борилмоқда, яқин кунларда ишга тушириб, аҳолига янада қулайлик яратиш мақсад қилинган.
Реимбурсация тизими доирасида артериал гипертония, юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2-тури, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касалликларини амбулатор шароитда даволаш учун 11 турдаги дори воситаси киритилган.
2023 йил давомида 962,6 млн. сўмлик дори воситалари электрон рецепт орқали беморларга бепул берилган.
Шунингдек, “Dori-Darmon” акциядорлик компанияси ўзига юклатилган ижтимоий вазифалар қаторида Давлат буюртмасини ҳам мунтазам равишда масъулият билан бажариб келаётган ташкилотлардан бири саналади.
Хусусан, 2023 йилда 2 154 784 доза гриппга қарши вакциналар олиб келинган бўлиб, бу вакциналар Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига ва бошқа тиббиёт марказларига етказиб берилди.
Компания томонидан ўтган йилда 14,7 млрд. сўмлик 682 465 флакон инсулин кирим қилинди, шундан 272 825 флакон инсулин Соғлиқни сақлаш вазирлигига етказиб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25-апрелдаги ПҚ-216-сон қарорига кўра, 2023 йилда Компания Германиянинг “Biotest Pharma GmbH” томонидан ишлаб чиқарилган 3 800 дона “Интратект”-Одам нормал иммуноглобулини харидини амалга оширди ва шартнома асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Oʻzmedimpeks” давлат муассасасига етказиб берилди.
Умуман олганда, 2023 йил давомида қарийд 68,0 млрд. сўмлик ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари харид қилинди.