09:00 (01.04.2026)
89
Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси сифати кескин ёмонлашган ҳолатларда амал қилинадиган махсус ҳаракатлар тартиби (алгоритм) ишлаб чиқилади.
Президентнинг жорий йилнинг 25 март куни қабул қилинган “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ушбу тизим доирасида давлат ташкилотларида иш режимини ўзгартириш ёки ходимларни масофавий шаклга ўтказиш чораларини белгилаш назарда тутилган.
Шунингдек, аҳолини ҳимоя қилиш чораси сифатида очиқ ҳавода бўлишни чеклаш, айниқса болалар, кексалар ва сурункали касаллиги бор шахсларни уйда қолишга чақириш, таълим муассасаларида очиқ ҳаводаги машғулотларни вақтинча бекор қилиш ҳамда оммавий тадбирларни чеклаш белгиланган.
Фармонга мувофиқ, зарур ҳолларда давлат идораларида иш жараёнини мослаштириш, жумладан, масофавий иш форматига ўтиш имконияти ҳам кўриб чиқилади. Бундан ташқари, саноат, энергетика, қурилиш ва транспорт соҳаларида чиқиндиларни вақтинча камайтириш, қурилиш ишларини чеклаш, транспорт ҳаракатини қисқартириш, шунингдек, чангни камайтириш чораларини қўллаш ҳам назарда тутилган.
Ушбу ҳужжатга асосан, Ўзбекистонда 2026 йил 1 майдан ҳар ойнинг 10 ва 25-саналарида “Автомобилсиз кун”, “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказиб борилади, мазкур акциялар доирасида давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Ушбу саналар иш кунларига тўғри келганда ҳайдовчиларнинг иш ҳақи сақлаб қолинади.