11:55 (30.12.2023)
1051
04.09.2023 йил. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 444-сон "Халқ саломатлиги посбони" кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида"ги Қарори билан "Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони таъсис этилди.
Кўкрак нишони ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси – Тиббиёт ходимлари куни арафасида тантанали топширилади. Кўкрак нишони билан тақдирланганларга БҲМнинг 4 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади.
06.09.2023 йил. "Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Фармони (ПФ-156-сон) қабул қилинди.
Фармонга кўра, қуйидагилар ишлаб чиқилиши белгиланди:
▫️ 2024-2026 йилларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тўғри овқатланишни тизимли тарғиб қилиш ва оммалаштириш дастури;
▫️2023 йил якунигача “Аҳоли саломатлиги – 2030” миллий стратегияси.
2024 йил 1 январдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати тузилмасида вазирлик бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони доирасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тиббиётни ривожлантириш жамғармаси дирекцияси ташкил этилади.
Шунингдек, 2026 йил якунигача тиббий суғурта республика бўйлаб тўлиқ жорий этилади.
08.09.2023 йил. “Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–296-сон) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2023 йил 1 октябрдан Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг 14 ҳудудий филиали ташкил этилди.
➖2024 йил 1 октябрдан ҳар йили 100 тагача имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга ёрдамчи репродуктив технологиялар усуллари муваффақиятли қўлланганда ушбу амалиётни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилади.
Қарор билан шунингдек, Оналар ва болалар ҳамда аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастурга кўра, ҳомиладор аёллар уй варақасини рақамлаштириш ва амалиётга жорий этиш назарда тутилган.
11.09.2023 йил. Президент Фармони (ПФ–158-сон) билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди ҳамда уни 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича Президент қарори (ПҚ–300-сон) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб:
➖Тошкент шаҳрининг тиббиёт муассасаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ҳажми ва дори воситалари рўйхатини амалиётга киритишни назарда тутувчи давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилади;
➖ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация ҳамда дори воситалари билан таъминлаш ишлари «ваучер» тизими асосида босқичма-босқич ташкил этилади.
Бунда, ногиронлиги бўлган шахсларга товар ва хизматларни ўзлари танлаган етказиб берувчидан харид қилиш имконияти яратилади ва уларнинг харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.