14:54 (17.12.2024)

596

2024 йил сарҳисоби. Қонунчилик. Февраль

15.02.2024. “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун қабул қилинди.

Қонун билан миллий интеллектуал мулк тизимини ЖСТнинг Интеллектуал мулк ҳуқуқининг савдо билан боғлиқ жиҳатлари тўғрисидаги битими талабларига уйғунлаштириш мақсадида оригинал дори воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, хусусан, дори воситасини яратиш жараёнида ўтказиладиган тадқиқотлар натижасида олинадиган клиник олди ва клиник синовлар натижаларини ҳимоя қилиш ва бошқа талаблар белгиланди.

21.02.2024 йил. Президентнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Фармони қабул қилинди.

Дастур билан 2024 йил якунига қадар эҳтиёждан келиб чиқиб, вилоятлар марказлари, шунингдек, Тошкент ва Нукус шаҳарларида камида биттадан оғир гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликлари бор беморларга паллиатив ёрдам кўрсатувчи хоспислар ташкил этиш топширилди.

а) 2024 йил 1 майга қадар:

2025 йилдан бошлаб катта ёшдаги аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликлар хавфли омилларининг тарқалганлигини ўрганиш;
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда 2026 йилдан бошлаб ўтказиладиган мактаб ўқувчилари орасида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг тарқалганлик ҳамда уларнинг психологик ҳолатини ўрганиш бўйича режани ишлаб чиқиш;

б) 2024 йил 1 декабрга қадар Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали соғлиқни сақлаш соҳасида кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини 17 тадан 24 тага етказсин ва бунинг доирасида фуқароларнинг онкологик, кардиологик ва эндокринологик скринингдан ўтиши натижаси, уларни даволаш учун ажратиладиган пуллар тўғрисида маълумот олиш имкониятини яратиш белгиланди.

27.02.2024. “Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, давлат томонидан кафолатланган тарзда таъминланадиган протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари турлари 18 тадан 30 тага кенгайтирилди.

2024 йил 1 майгача Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида, 2024 йил 1 октябргача республиканинг бошқа барча ҳудудларида муҳтож шахсларни протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан ваучер асосида таъминлаш тартиби жорий этилиши белгиланди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech