13:57 (26.12.2024)
95
10.07.2024 йил. “Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва унда кичик тадбиркорлик субъектлари иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик жамиятлари, шунингдек, уларнинг таркибидаги хўжалик жамиятлари кузатув кенгашларининг давлат харидлари йиллик ва чораклик режа-жадваллари ҳамда импорт қилиш режалаштирилган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатларини тасдиқлаш бўйича қарорлари муҳим факт сифатида ошкор қилиб борилади.
Ҳар йил якуни бўйича кейинги йилнинг 1 апрелигача давлат харидлари соҳасида “Энг фаол тадбиркор” ҳамда “Энг яхши буюртмачи” танловлари ўтказилади.
16.07.2024 йил. “Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2025 йил 1 апрелдан:
- фуқароларни тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси (ТИЭК) кўригига йўллаш учун лозим бўлган амалдаги даволаниш муддатлари бўйича талаб бекор қилинади ҳамда ҳар бир касалликнинг кечиши ва туридан келиб чиқиб алоҳида белгиланади;
- ТИЭК томонидан касбга, спортга ва таълимга тавсия бериш тартиби бекор қилинади;
- ТИЭКнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг муддатини узайтириш ҳамда махсус жиҳозланган транспорт воситасини бошқариш лаёқатини белгилашга оид функциялари давлат тиббиёт муассасаларига ўтказилиши орқали тугатилади;
- 18 ёшдан катта шахсларга ногиронликни белгилашда ногиронликнинг муддати, сабаби, тиббий реабилитация тадбирлари, шунингдек, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларига муҳтожлигига оид маълумотлар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида шакллантирилади.
18.07.2024 йил. «Аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартибини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун «Ижтимоий карта» ахборот тизимини жорий этиш орқали ижтимоий тўловлар ва субсидиялар, ижтимоий хизматлар ва ёрдамларни тайинлаш, тақдим этиш, мониторинг қилиш ва баҳолаш жараёнларини босқичма-босқич тўлиқ автоматлаштириш йўлга қўйилади.
24.07.2024 йил. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли шифохонасини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Тошкент” МФЙ Янги айланма йўли манзилида жойлашган “Зангиота-2” шифохонаси ўрнида Давлат бюджетидан молиялаштириладиган давлат муассасаси шаклидаги 500 ўрнига мўлжалланган Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли шифохонаси ташкил этилади.