14:50 (23.12.2024)

58

2024 йил сарҳисоби. Қонунчилик. Май

06.05.2024 йил. "Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакатимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармон билан Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024 – 2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия тасдиқланди.

21.05.2024 йил. “Онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра:

- 2030 йилгача онкологик касалликларга чалинган болаларнинг омон қолиш даражасини 60 фоизга ошириш;

- гемопоэтик ўзак ҳужайралари ва суяк кўмиги ҳужайраларини трансплантация қилишни ривожлантириш;

- бемор болаларни зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар билан узлуксиз таъминлаш болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси соҳасини ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан этиб белгиланди.

30.05.2024 йил. “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди

Унга кўра, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунга дори моддаларини (субстанцияларни) давлат рўйхатидан ўтказиш тартибининг бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилди.

Шу билан бирга “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ҳамда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунларга дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартибини тасдиқлаш ваколати Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юкланди.
Шунингдек рецептсиз ёки шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари тўғрисидаги ахборотни уларнинг тиббиётда қўлланилишига доир йўриқномаларда ҳамда Тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника давлат реестрида кўрсатиш талаби жорий этилди.

30.05.2024 йил. “112” ягона диспетчерлик хизмати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, ҳодиса ва фавқулодда вазиятлар рўй берганда шошилинч ёрдам кўрсатиш учун “112” қисқа рақам орқали фуқароларнинг чақирувларини қабул қилиш ва автоматлаштирилган тарзда қайта ишлаш имконини берувчи ягона диспетчерлик хизмати ташкил этилади.
112 ягона диспетчерлик хизмати ИИВ, ФВВ, ССВ, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» шошилинч хизматларини маълумотларни узатишнинг ягона тармоғига бирлаштиради.

30.05.2024 йил. “Мажбурий рақамли маркировкалаш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2027 йил 1 январгача рақамли маркировкаланган маҳсулотлар чакана савдосини амалга оширувчи тадбиркорлар учун маркировкани ўқиш қурилмаларини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар суммасига, бироқ битта қурилма учун БҲМнинг 4 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда, ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари камайтириш ҳуқуқи берилди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech