15:00 (10.01.2025)

63

2025 йил 1 майдан бошлаб “Тоза қўллар” дастури амалга оширилади

Президентнинг “Ўзбекистон–2030 стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳада аҳоли, айниқса ёш авлод вакиллари томонидан санитария-гигиена воситаларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида 2025 йил 1 майдан бошлаб “Тоза қўллар” дастури амалга оширилиши назарда тутилган.

Дастур доирасида:

а) барча соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида:

- қўл ювиш жойларини зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш;
- санитария-гигиена хоналарининг техник ҳолатини яхшилаш, янги қурилаётган муассасаларда уларни бинонинг ички қисмида жойлаштириш;
- йил давомида биринчи навбатда қўл ювиш ва антисептик воситаларни харид қилишни назарда тутиш;

б) барча турдаги жамоат санитария-гигиена хоналари, умумий овқатланиш ташкилотларини санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш мажбурияти киритилади.

2025 йил давомида бюджет ташкилотларида мазкур банддаги тадбирлар учун зарур бўлган ҳолларда қўшимча маблағлар ажратилади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига бир ой муддатда ушбу бандда назарда тутилган муассасаларда санитария-гигиена ҳолатини сақлаш учун воситалар ажратиш бўйича нормативларни қайта кўриб чиқиш ва уларнинг амалда бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилади.

Бир қатор вазирликлар ҳамкорлигида 2025 йил 1 августга қадар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро экспертларини жалб этган ҳолда республиканинг барча ижтимоий соҳа муассасаларида “2025–2028 йилларда Ўзбекистонда санитария-гигиена тизимини яхшилаш” дастурини Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлашга киритиш вазифаси юклатилмоқда.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech