15:08 (29.07.2024)
571
Гепатит — оғир касаллик. Агар ўз вақтида олди олинмаса, организмда жиддий асоратлар қолдириши мумкин.
Хасталикни келтириб чиқарувчи вирус 1967 йил Нобель мукофоти лауреати, америкалик шифокор Самуэль Барух томонидан аниқланган бўлиб, ушбу олимнинг туғилган куни шарафига ҳар йили дунёда 28 июль — Халқаро гепатитга қарши кураш куни сифатида кенг нишонланади. Бу йил ушбу сана "Ҳаракат қилиш вақти келди" шиори остида ўтказиляпти.
Бугун дунёда 500 миллион нафардан ортиқ инсон гепатит вируси ташувчиси ҳисобланади. Бу эса ОИВ ва барча турдаги саратон касалликларига чалинган умумий беморлар сонидан 12 баравар кўп демакдир. Қолаверса, сайёрамизда ҳар йили бир миллиондан ортиқ одам гепатит туфайли вафот этмоқда.
Бу, ўз навбатида, чуқурлаштирилган ПЗР таҳлиларини олиб бориш, даволаш ва доимий мулоқотда бўладиган соғлом шахсларни скрининг текширувларидан ўтказишни тақозо этади. Шу боис юртимизда мазкур йўналишда бир қатор ишлар амалга ошириляпти.
Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 16 майдаги “Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштиришга хизмат қилди.
Жумладан, мазкур ҳужжатда вирусли гепатитнинг В ва С турларини эрта аниқлаш учун юртимизнинг барча ҳудудларида скрининг текширувларини ўтказиш ва касалликни даволаш қамровини ошириш борасида қатор муҳим вазифалар белгиланган.
Шундан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиздаги 65 дан зиёд оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда касалликни аниқлаш учун бепул скрининг тадбирлари ташкил этилмоқда. Ҳозир гепатит С тасдиқланган беморларга Миср Араб Республикаси томонидан беғараз ёрдам сифатида юборилган "Даклатасвир" ва "Софосбувир" дори воситалари бепул тарқатилмоқда.
Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази мамлакатимизда гепатит хасталигини даволашга ихтисослашган бош муассаса ҳисобланиб, шифохона барча замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.
Бу ерда 7 та даволаш, 1 тадан диализ, хавфли касалликларни муолажа қилиш ҳамда жонлаштириш бўлимлари мавжуд. Марказ қошида 250 нафар қатновга мўлжалланган маслаҳат поликлиникаси фаолият юритиб, барча юқумли касалликлар билан мурожаат қилган беморларга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилади.
Бундан ташқари, марказда ташкил этилган мобил клиника орқали мамлакатимиз ҳудудларида юқумли хасталикларга чалинган ва гумон қилинган беморлар мунтазам равишда тиббий текширувдан ўтказилади. Шифо масканида, шунингдек юқори молекуляр-генетик усуллар ёрдамида вирусларни аниқлашга мўлжалланган замонавий лаборатория, 2 та Миллий коллекция ва илмий изланишлар олиб борувчи 4 та лаборатория мавжуд.
Яна бир муҳим янгилик. Жорий йил муассаса қошида антибиотикларга микроорганизмларнинг чидамлилигини ўрганиш маркази фаолият бошлади. Натижада антибактериал воситаларни палапартиш ишлатиш ва микроорганизмлар турғунлиги ривожланишининг олдини олиш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш имконияти яратилди.