Янгиликлар

not found

Президент Администрациясининг янги тузилмаси тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Ушбу Фармонга мувофиқ, Президент Администрациясининг янги тузилмаси тасдиқланди. Натижада Администрация ва унинг таркибидаги ташкилотларда 284 та штат қисқартирилди, такрорланувчи лавозимлар оптималлаштирилди. Фармонга асосан, эндиликда Президент Администрацияси фаолиятида 5 та устувор йўналиш белгиланди. Булар — таълим, бизнес, суд-ҳуқуқ тизими, тиббиёт ва сув ресурслари масалаларидир. Ушбу йўналишларда ислоҳотларни самарали амалга ошириш мақсадида Президент Администрацияси раҳбарига 5 нафар ўринбосар лавозими жорий этилди. Бундан ташқари, Президентнинг стратегик ривожланиш, ташқи сиёсат бўйича янги маслаҳатчи лавозимлари киритилиб, молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт ва туризмни ривожлантириш, жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги, тадбирларни ташкиллаштириш, йиғилиш ва ҳудудларга ташрифлар учун таҳлилий контент тайёрлаш бўйича, шунингдек, коммуникация департаментлари ташкил этилди.

  • 14 Июль, 16:19
  • Батафсил
not found

Компьютерда кўп ўтириш мушак-скелет тизими касалликларини келтириб чиқариши мумкин

Компьютерда узоқ вақт ишлайдиган инсонлар кўп ҳолларда суяклар ва мушаклар билан боғлиқ касалликларга тўқнаш келиши мумкин. Компютерда кўп ишлайдиган одамлар кўпинча мушак-скелет тизимининг касалликларига дуч келишади. Бундай касалликлар қаторига остеохондроз ва мушакларнинг спазмлари киради, деди Европа тиббиёт марказининг физиотерапия ва машқлар терапияси бўлими мудири Илья Михаленко. «Бундай иш формати таянч-ҳаракат тизимининг турли касалликларини келтириб чиқариши мумкин. Масалан, узоқ  вақт давомида ўзгармас ҳолатда ўтириш, айниқса, бошни олдинга эгиб туриш ҳолати, бўйин ва бел умуртқа қисмларига тушадиган юкни оширади. Бу эса қон айланишини бузади, умуртқа орасидаги дискларнинг деградациясига ва асабларни сиқилишига олиб келади. Шу сабабли остеохондроз ва чурра ривожланишига олиб келиши мумкин», — деди шифокор Бундан ташқари, сичқонча ва клавиатура билан ишлаш вақтида қўл панжасининг доимий зўриқиши натижасида билакдаги ўрта (медиан) асаб сиқилади. Бу ҳолат оғриқ, бармоқларда уюшиш, қўлда кучсизлик каби аломатларни келтириб чиқаради ва билак канали синдроми (туннель синдроми) ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.   Нотўғри ҳолатда ўтириш бўйин, елка ва бел мушакларининг узоқ давом этадиган зўриқишига олиб келади. Бу ҳолат сурункали оғриқлар ва ҳаракат фаолиятининг чекланишига сабаб бўлади, кейинчалик эса мушак спазмлари ва миофасциал синдромни келтириб чиқариши мумкин, — деди шифокор. Унинг сўзларига кўра, агар ўтириб ишлаш тўғри ташкил этилса, бундай муаммоларнинг олдини олиш мумкин. Иш жойининг эргономикасига амал қилиш жуда муҳим: стулнинг баландлиги тўғри танланиши, монитор кўз баландлигида жойлаштирилиши ва билак учун махсус таянч харид қилиниши лозим. Ҳар 30-60 дақиқада бир марта танаффус қилиш, енгил машқлар қилиб чарчоқни олдини олиш керак.

  • 14 Июль, 12:57
  • Батафсил
not found

Ёшларни заҳарлаётган дорифуруш қўлга олинди

Кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона идоралари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди. Хусусан, Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1992 й.т. шахснинг Янгиҳаёт туманидаги ижарадаги яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган 16249 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Маълум бўлишича, у муқаддам “Телеграм” мессенжери орқали савдо қилувчи шахс томонидан Сергели тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган ушбу дори воситаларини олиб, келгусида мижозларга сотганидан сўнг, наркосавдогарга 16 минг АҚШ доллари бериши керак бўлган. “Зардекс” дори воситалари таркибида “Прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси мавжуд бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги 818-сон қарорига мувофиқ, “Прегабалин” моддаси кучли таъсир қилувчи моддалар туркумига киради. Ҳозирда дорифуруш фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 251-1 моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракати олиб борилмоқда.

  • 14 Июль, 10:00
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech