14:49 (13.12.2024)
584
Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш бошқармаси томонидан сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситалари муомаласига чек қўйиш мақсадида ўтказилган назорат тадбирларида Тошкент шаҳар Сергели туманида жойлашган “Abu pharm 1111” МЧЖга тегишли дорихона ҳамда Самарқанд шаҳрида жойлашган “Samarkand pharm service” МЧЖга тегишли дорихонанинг лицензия талаб ва шартларини бузганлик ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази матбуот хизмати хабар берди.
Ҳолат юзасидан “Abu pharm 1111” МЧЖга дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун 2021 йил 23 октябрда берилган 895-сонли лицензияни бекор қилиш тўғрисида "Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази" ДМнинг Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризаси суднинг тегишли ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилди. Ҳамда “Abu pharm 1111” МЧЖга берилган лицензия бекор қилинди.
Худди шунингдек, “Samarkand pharm service” МЧЖга дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун 2022 йил 30 декабрда берилган 056457-сонли лицензияни бекор қилиш тўғрисида "Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази" ДМнинг Самарқанд шаҳар иқтисодий судига киритган даъво аризаси суднинг тегишли ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилди. Ҳамда “Samarkand pharm service” МЧЖга берилган лицензия бекор қилинди.
Амалдаги қонунчилик хужжатларига мувофиқ, мазкур дорихона лицензияси тугатилган дорихоналар манзиллари ва қонун бузилишларига бевосита алоқадор ходимлар (провизорлар, фармацевтлар) нинг ягона реестрига киритилганлигини маълум қиламиз, дейилади хабарда.