15:00 (05.02.2025)
70
Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Муҳаммад Али Искандарий жаноблари “Дори-Дармон” акциядорлик компаниясига ташриф буюрди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Эрон ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоиз, Эрон фармацевтика саноати минтақада жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Хусусан, мамлакатда импорт дори воситаларининг 97 фоизи маҳаллийлаштирилган бўлиб, мураккаб ва янги турдаги оригинал дори воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳукумат даражасида қўллаб-қувватланади.
Учрашувда Элчи жаноблари Эрон фармацевтика компаниялари талаб юқори бўлган дори воситаларини ҳамёнбоп нархларда етказиб бериш, замонавий кадрлар тайёрлашда кўмаклашиш ва қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Ўз навбатида, компаниянинг Бошқарув раиси Мирзанозим Мирзабекович “Дори-Дармон” акциядорлик компаниясининг фаолияти, иқтисодий салоҳияти, имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Учрашув якунида, томонлар алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда компания вакилларининг Эрон бўйлаб ташрифини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишга келишиб олдилар.