09:00 (06.03.2025)

287

Ҳар дақиқада тўрт нафар аёлга кўкрак бези саратони ташхиси қўйилади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, дунёдаги ҳар 20-аёл ҳаёти давомида кўкрак бези саратони билан касалланади.

Мавжуд тенденциялар давом этса, 2050 йилга келиб бу касалликка чалинганлар сони 38 фоизга, ўлим даражаси эса 68 фоизга ошиши мумкин.

Саратон тадқиқотлари халқаро агентлиги таҳлилига кўра, 2050 йилда ҳар йили 3,2 миллион янги ҳолат қайд этилади ва саратон 1,1 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлади.

Кўкрак бези саратони аёллар орасида энг кенг тарқалган саратон тури бўлиб қолмоқда. Энг юқори ташхис кўрсаткичлари Aвстралия, Янги Зеландия, Шимолий Aмерика ва Шимолий Европада, энг паст кўрсаткичлар эса Осиё ва Aфрикада. Шу билан бирга, диагностика ва даволаш имконияти чекланганлиги сабаб, энг юқори ўлим даражаси Меланезия, Полинезия ва Ғарбий Aфрикада кузатилмоқда.

Мутахассислар касалликнинг кўпайишини бир неча омиллар, жумладан, ёш, ирсий ген мутацияси ва оилавий касаллик тарихи билан изоҳлашади. Кўкрак бези саратони билан боғлиқ янги ҳолатларнинг 71 фоизи ва ўлимнинг 79 фоизи 50 ёшдан ошган аёлларга тўғри келади, бу ёш омилининг таъсирини тасдиқлайди.

Шунингдек, носоғлом турмуш тарзи, хусусан, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, ортиқча вазн ва кам жисмоний фаоллик ҳам касалликнинг ривожланишига сабаб бўлади.

Тадқиқотчилар фикрича, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш орқали хасталикка чалиниш кўрсаткичини қарийб 25 фоизга камайтириш мумкин.

Дунё бўйлаб касалланиш кўпайиб бораётганига қарамай, ўрганилган 46 мамлакатдан 29 тасида кўкрак бези саратонидан ўлим даражаси камайган. Бу эрта ташхис қўйиш дастурлари самарадорлиги ва даволаниш имкониятлари яхшиланганини тасдиқлайди.

“Ҳар дақиқада тўрт нафар аёлга кўкрак бези саратони ташхиси қўйилади ва бир аёл бу касалликдан вафот этади. Бу статистик маълумотлар эса ёмонлашмоқда”, деди Саратон тадқиқотлари халқаро агентлиги тадқиқотчиси доктор Жоан Ким. У мамлакатларни касаллик профилактикаси, эрта аниқлаш ва даволашга кўпроқ маблағ сарфлашга чақирди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech