12:12 (29.05.2024)
624
Эмлаш — бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши профилактик самарали чора бўлиб, инфекция ўчоқларини жиловлаш ва бартараф этишда асосий восита ҳисобланади.
Шу боис юртимизда Миллий профилактик эмлаш календари жорий этилган бўлиб, унга кўра, болалар 13 турдаги юқумли касалликларга қарши режали эмланади.
Хўш, бу жараёнга улар қандай тайёрланади? Бола вакцина олгач, нималарга эътибор бериш лозим?
Шу каби саволларга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бўлим бошлиғи Дилором Турсунова жавоб берди.
— Вакцина олишга кўрсатма ёки қарши кўрсатмаларни фақат шифокор аниқлайди. У эса эмлаш масаласини ҳал қилиш, айнан қайси вакцинани олиш, болани бу жараёнга тайёрлаш ва ундан кейинги кузатув бўйича ота-оналарга керакли тавсиялар беради.
Яъни, шифокор боланинг сурункали касалликлари, аввалги эмлаш препаратларига реакциялари ёки асоратлари, дори воситаларига ва озиқ-овқатларга аллергик реакциялари ҳақида қисқа сўров ўтказади.
Шунингдек, суҳбат давомида бола организмининг ўзига хос хусусиятлари (чала туғилиши, туғилишда олган жароҳатлар, талваса), юқумли касалликлар билан оғриган беморлар билан мулоқотда бўлган ёки бўлмаганлиги ҳамда энг сўнгги эмлашдан кейин қанча вақт ўтгани аниқланади.
Агар бола тана ҳарорати кўтарилиши билан кечувчи ўткир юқумли касалликлар (шамоллаш, ангина, бронхит, грипп, зотилжам) билан оғриган бўлса, қоидага мувофиқ ушбу муолажа у соғайгунга қадар қолдирилади. Шу билан бирга, боланинг аллергик реакцияси бўлса, шифокор билан аввалдан зарур қўшимча чоралар тўғрисида маслаҳатлашилади.
Вакцина олишга бир неча кун қолганда ёки эмлашдан кейинги илк кунлари болага янги турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини бериш мумкин эмас. Агар кичкинтой кўкрак сути билан озиқлантирилса, она ўз рационига янги егуликларни киритмагани маъқул.
Эмлашдан кейин одатда шифокор ёки ҳамшира ота-оналарга эмлаш хонасидан узоқ бўлмаган жойда 30 дақиқа кутиб ўтиришларини тайинлайди. Бу фарзандни тинчлантириш ҳамда вакцинага нисбатан реакцияси бўлган ҳолларда унга керакли ёрдам кўрсатиш учун зарур.
Шунингдек, мутахассис зарур ҳолларда болага қанча дозада тана ҳароратини туширувчи воситалар бериш мумкинлиги ва қандай белгилар кузатилганда, шифокорга мурожаат қилиш кераклиги ҳақида маълумот беради.
Эмлашдан сўнг болага кўпроқ суюқлик ичириш лозим. Бунинг учун газланмаган сув, аччиқ бўлмаган чой, мойчечак дамламаси тавсия этилади. Бироқ шарбатлар мумкин эмас. Чунки бу ичимлик вакцинадан кейин организмнинг қарши курашини кучайтириб, унга кўникишини узоқлаштиради.
Қолаверса, вакцина олгач, (одатда 3 кун) одамлар йиғиладиган жойларга бориш, кўпчилик билан мулоқот қилиш тавсия этилмайди. Айниқса, эмлангандан сўнг болани йўтал, акса уриш, ич кетиши каби юқумли касаллик белгилари бўлган одамлар билан мулоқотда бўлишининг олдини олиш зарур.
Болага кўпроқ вақт ажратиб, биргаликда ўйнаш, эмлашдан кейин унинг таомланиши ва қорни тўқлигига эътибор бериш керак.