18:00 (22.05.2026)
27
Экспертларнинг таъкидлашича, 1990 йилдан бери дунёда руҳий касалликларга чалинган одамлар сони деярли икки бараварга ошган. Уларнинг сони қарийб 1,2 миллиардга етди.
Бундай кескин ўсиш руҳий касалликларни бутун дунё бўйлаб ногиронликнинг асосий сабабига айлантирди. Улар юрак-қон томир касалликлари, саратон ва таянч-ҳаракат тизими касалликларидан ўзиб кетди.
Тадқиқот Соғлиқни сақлаш кўрсаткичлари ва баҳолаш институти (АҚШ) ҳамда Квинсленд университети (Австралия) олимлари томонидан ўтказилди. Улар 1990 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда ҳар икки жинс вакиллари, 25 ёш гуруҳи ва 204 мамлакат ҳамда ҳудудлар орасида руҳий касалликларнинг тарқалиши ва оғирлиги тўғрисида маълумотлар тўпладилар.
Тадқиқотда 12 турдаги руҳий касаллик баҳоланди. Натижалар шуни кўрсатдики, 2019 йилдан бери оғир депрессив ҳолатларнинг тарқалиши тахминан 24 фоизга, хавотир бузилишлари эса 47 фоиздан кўпроққа ошган.
Касаллик турлари ёшга қараб фарқ қилган. Кичик ёшдаги болаларда аутизм спектри бузилиши, диққат етишмаслиги/гиперфаоллик синдроми (ДEГС), хулқ-атвор бузилиши ва идиопатик ақлий заифлик энг кўп тарқалган бўлиб, бунда ўғил болалар қизларга қараганда кўпроқ азият чекади. Ўсмирлик даврида хавотир ва депрессия кўпроқ учрайди.
Олимларнинг аниқлашича, руҳий касалликлар билан касалланишнинг энг юқори чўққиси 15–19 ёшга тўғри келади. Ҳолбуки, бу шахс ривожланишидаги муҳим давр бўлиб, муносабатлар қуриш, таълим олиш ва ишга жойлашишдаги кейинги муваффақиятларга таъсир қилади.
Аёллар руҳий касалликлардан эркакларга қараганда кўпроқ азият чекади (мос равишда 620 млн ва 552 млн ҳолат).
Руҳий касалликлар билан касалланишнинг энг юқори кўрсаткичлари Европа (Нидерландия, Португалия) ва Австралия каби юқори даромадли минтақаларда қайд этилган. Руҳий касалликлар билан касалланишнинг сезиларли даражада ошиши, шунингдек, Сахарои Кабирдан жанубдаги Ғарбий Африкада ва Жанубий Осиёнинг айрим қисмларида ҳам кузатилган, деб хабар беради «The Lancet».