12:52 (11.06.2024)
1067
Хитойнинг Жануби-Шарқий университети олимлари саримсоқ қондаги глюкоза ва холестерин миқдорини самарали равишда нормаллаштиришини аниқладилар. Тадқиқот натижалари Nutrients журналида чоп этилган.
Тадқиқотчилар ўсимлик маҳсулотлари ва зираворларнинг инсон кардиометаболик саломатлигига таъсири (мета-таҳлил) мавзусида илгари чоп этилган 29 та илмий иш натижаларини таҳлил қилгандан сўнг шундай хулосага келди. Тадқиқотда турли мамлакатлардан жами 1 567 киши иштирок этди. Кўнгиллиларнинг ёши 18 ёшдан 80 ёшгача бўлган.
Таъкидланишича, тажрибаларда соғлом одамлар ҳам, иккинчи турдаги диабет, коронар артерия касаллиги, алкоголсиз ёғли жигар касаллиги, юрак хуружи, семириш, гипертония ва поликистик тухумдон синдроми бўлган беморлар ҳам иштирок этган. Тадқиқотларда саримсоқ хом ва кукун шаклида, шунингдек, эски экстрактлар ва овқатга қўшимча шаклида истеъмол қилинган.
Мета-таҳлил шуни кўрсатдики, саримсоқни ҳар томонлама истеъмол қилиш ижобий таъсир кўрсатди ва қондаги шакар ва холестерин миқдорининг пасайишига ёрдам берди. Олимлар саримсоқнинг фойдали хусусиятлари унинг организмдаги аллицин деб аталадиган органик бирикманинг синтезини тезлаштириш қобилиятига боғлиқ деб тахмин қилди. Аллицин қон айланишини нормаллаштиради, микробларга қарши таъсирга эга ва жигарда триглицеридлар (ёғлар) ҳосил бўлишининг олдини олади, деб хабар беради gazeta.ru.