17:50 (20.11.2025)
186
“Dori-Darmon” акциядорлик компанияси ҳамда ҳудудлардаги жамиятларга қарашли дорихоналар раҳбар ва ходимлари учун навбатдаги ўқув семинари онлайн ва офлайн форматда ташкил этилди.
Мазкур ўқувнинг мақсади – дорихона мутахассисларининг билим ва малакасини ошириш, бозордаги янги препаратлар ҳақида илмий-амалий маълумот бериш, шунингдек, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашдан иборат.
Дастлаб компаниянинг тижорат директори Рамил Абдулов томонидан дорихоналарнинг ноябр ойи бошидан буён амалга оширган савдо ҳажми, кўрсаткичларни таҳлил қилиш ва иш самарадорлигини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, ой бошидан буён дорихона савдо ҳажмини сезиларли даражада оширган дорихона мудирлари эътироф этилиб, уларнинг тажрибасини бошқа шаҳобчалар фаолиятида қўллаш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, келгуси ойларда савдо динамикасини янада ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Ўқув -семинарида Ўзбекистонда фаолият юритаётган Хитойнинг "Mu Lin Sen" фармацевтика компанияси вакиллари иштирок этди. Улар анъанавий ва замонавий тиббиётда кенг қўлланилаётган бир қатор препаратлар, уларнинг таркиби, қўлланилиши, фойдали хусусиятлари, ён таъсирлари ҳақида атрофлича маълумотлар бериб ўтди.
Тақдимат қилинган дори воситаларидан бири T-Life бўлиб – умумий соғломлаштиришга ёрдам берувчи, иммунитет ва организм функцияларини қўллаб-қувватлашга қаратилган препарат.
Neoderm – тери парвариши ва дерматологик ҳолатларни юмшатишга қаратилган антибактериал, яллиғланишга, замбуруғларга қарши крем.
“Жемчужный кальций” – кальций билан бойитилган, организмнинг суяк структурасини мустаҳкамлашда ёрдам берувчи қўшимча сифатида тақдим этилди.
Тақдимотдан сўнг интерактив савол-жавоб сессияси ташкил этилди.
Маълумот учун “Му Линь Сэнь” –Хитойда ишлаб чиқарилган дори воситаларини тарғиб қилиш ва дистрибьюторлик фаолияти билан шуғулланувчи компания бўлиб, Хитойнинг энг йирик ва халқаро GMP стандартлари асосида ишлаб чиқарувчи фармацевтика корхоналари билан ҳамкорлик қилади. Компаниянинг мақсади – сифатли ва ишончли дори воситаларининг бозорини кенгайтириш, аҳолига самарали тиббий маҳсулотлар етказишдир.