14:56 (10.10.2024)
487
Аввалроқ “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши ўтказилганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Йиғилиш якуни бўйича «DORI-DARMON» АК устав фондининг миқдори номинал қиймати 4 300 сўм бўлган 4 225 430 (тўрт миллион икки юз йигирма беш минг тўрт юз ўттиз) дона ҳужжатсиз шаклдаги эгасининг номи ёзилган оддий акцияларни қўшимча чиқариш ва жойлаштириш йўли билан 18 169 349 000,00 (ўн саккиз миллиард бир юз олтмиш тўққиз миллион уч юз қирқ тўққиз минг) сўмга купайтириш ҳамда акцияларининг қўшимча чиқарилиши тўғрисидаги қарори тасдиқланган эди.
Истиқболли лойиҳалар бўйича миллий агентликнинг (НААП) ягона корпоратив ахборот порталида еълон қилинган маълумотларга кўра, Россиянинг “ИнтерЛек” МЧЖ компанияси ушбу акцияларнинг 3 миллионини сотиб олишни режалаштирмоқда, бу умумий қўшимча эмиссиянинг 71% ни ташкил қилади. Битимларни тўлдириш учун Истиқболли лойиҳалар бўйича миллий агентлигининг (НAПП) розилигини олиш керак. Aгар қарор ижобий бўлса, россиялик инвесторга сотиб олинган қимматли қоғозлар учун тўлов қилишга олти ой вақт берилади.
“Дори-Дармон” АК фармацевтика бозорида ўз ўрнига эга бўлган, аҳолини сифатли, арзон, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари билан таъминлаш мақсадида олдига қўйилган вазифаларни, давлат дастурларини масъулият билан амалга ошириб келаётган компаниядир. Бугунги кунда компания тизимида дори воситалари ва тиббий буюмлар реализацияси билан шуғулланувчи 6 та акциядорлик ва 7 та масъулияти чекланган жамиятлар фаолият юритади. Тизимда Ўзбекистон бўйлаб 1600 дан ортиқ дорихона ва дорихона шохобчалари мавжуд. Компаниянинг активлари 17 та саноат омбори, 15 та лаборатория ва 133 та мобил дорихонадан иборат.
Потенциал инвестор "ИнтерЛек" МЧЖ фармацевтика бозорида 15 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлган Россия компаниясидир. Компания фаолиятининг асосий йўналиши маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг замонавий дори-дармонлар, тиббий буюмлар ва биологик фаол қўшимчаларини Россия ва қўшни мамлакатларда тақдим этиш ва тарқатишдир.